Празднования Дня независимости проходят по всей стране
01.09.2018

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига юксак эҳтиром

Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда халқимизнинг тарихий ютуғи бўлмиш истиқлол шукуҳи барчамизнинг қалбларимизга мунавварлик бахш этмоқда.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган барча ютуқ ва марралар Ислом Каримов номи ва фаолияти билан боғлиқ. Биринчи Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигини қўлга киритишдан тортиб, унинг тараққиёти, жаҳонда ўз ўрни ва сўзига эга давлатга айланиши йўлида юксак фидойилик кўрсатиб меҳнат қилди. Унинг тенгсиз жасорати ва узоқни кўзлаб юритган доно сиёсати туфайли Ўзбекистон тарихан қисқа даврда изчил ривожланиш йўлини босиб ўтди, мамлакатимизни дунё таниди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, 2 сентябрь. Бу ерга Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, жамоатчилик вакиллари ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзандини хотирлаш учун йиғилган.
Маҳзун мусиқа садолари остида давлатимиз байроғи ҳилпирайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мажмуага ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
 
Буюк Йўлбошчимиз серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йил январь ойида Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Ушбу қарорга биноан ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана – 30 январь кунини кенг нишонлаш, 2 сентябрь кунини Хотира куни сифатида ёд этиш белгиланди.
  
Ёдгорлик пойига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, жамоатчилик номидан ҳам гуллар қўйилди.

Шу куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ходимлари ва республикамиздаги миллий маданий марказлар раҳбарлари билан Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига чуқур эҳтиром айлаб ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйишди.