14 нафар давлат хизматчиси Осиёдаги нуфузли университетларда ўқиш йўлланмасини қўлга киритди
01.08.2018
Летопись дружбы и народного единства
06.08.2018

Фотосуратларда ҳамюртларимиз тимсоли

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 июндаги ПҚ-3814 сонли “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори, ҳамда Республика комиссиясининг 2018 йил 11 июлдаги 1-сонли Баёнига мувофиқ, жорий йилнинг 3 август куни Тошкент фотосуратлар ўйида “Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” ва “Ўзбекистон – умумий ўйимиз” мавзуида республикамизда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган фото асарлар кўргазмаси ташкил  этилди.

Кўргазма, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда таниқли фотоижодкорларнинг 200 тадан ортиқ асарлари намойишга қўйилди.
Кўргазма бошланишидан олдин Тошкент фото суратлар ўйи олдидаги майдонда Республика Миллий маданий марказлари қошидаги бадиий жамоалларнинг кўргазмали дастурлари намойиш этилди ҳамда миллий либосдаги турли миллат вакиллари кўргазмага ўзгача шукуҳ бағишладилар.

 

Қўмита томонидан, Республика комиссиясининг 2018 йил 11 июлдаги          1-сонли Баёнига киритилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Харакатлар стратегияси – миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда янги босқичдир” мавзуидаги илмий-амалий семинарнинг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга доир ташкилий ва тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли ҳаётимиз тубдан ўзгариб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, одамларга муносиб турмуш шароити яратишда юксак самараларга эришилаётганини таъкидлади. Бу ўзгариш ва янгиликларнинг моҳиятини таъсирчан, жозибадор тасвирлар воситасида оммага етказиш, шу орқали юртдошларимиз қалбида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат туйғуларини юксалтириш, кенг кўламли ислоҳотларда янада фаол иштирок этишга чорлашда ижодий уюшманинг ҳам ўз ўрни бор.

Жумладан, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов ўз нутқида мамлакатимизда миллатлараро, фуқаролараро тинчлик, осойишталикни сақлаш, ўзаро меҳр-оқибат, ҳурмат руҳидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш энг муҳим вазифа деб давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганлар деди. Юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўзларининг анъаналари, тили, маданиятини кенг намойиш этиши учун барча шароитлар яратилганининг гувоҳимиз. Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик мамлакатимиз тараққиётининг бош мезони бўлмоқда. Бугунги кўргазмага қўйилган фотоасарлар ана шу осуда ҳаёт, бирдамлик, бағрикенгликни ўзида мужассам этган деди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Рустамбек Қурбонов йиғилганларни яқинлашиб келаётган энг азиз байрамимиз, мустақиллик куни билан самимий табриклаб, фото асарлар кўргазмасига қўйилган ижодий ишларда, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикеглик, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг тинч ва бунёдкорлик меҳнати ўз аксини топган ва бу тинчликни кўз қорачиғимиздек сақлашимиз керак дея таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур тадбирда қатнашаётган ҳамюртларимизга мурожаат этиб, яқин кунларда юртимизда яшаб истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг бадиий образларини яратиш учун рассомлар орасида танлов эълон қилинишини маълум қилди. Бу таклиф йиғилганлар томонидан қизғин кутиб олинди.

  

Таниқли фотограф, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуғани Жумаев ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, жумладан шундай деди: “Халқимизнинг бағрикенглиги азалдан маълум. Иккинчи Жаҳон уруши ёки Тошкент золзиласи даврини эсга оламизми, шунинг гувоҳи бўламиз. Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин ва давлатимиз сиёсати том маънода халқлар орасидаги дўстликка, тотувликка, бағрикенгликка йўналтирилганини халқимиз жуда яхши қабул қилди. Ўйлайманки, бу кўргазмани кўрган чет эллик меҳмонлар, ўзимизнинг халқимиз ва ҳар бир томошабин шак-шубҳасиз халқларимиз орасидаги тотувликнининг мавжудлигига бир кўришдаёқ амин бўлади”.
Уч кун давом этадиган кўргазмада, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикеглик, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг тинч ва бунёдкорлик меҳнати ўз аксини топган фото асарлари намойиш этилади.