Встреча с послом Словакии
25.07.2018
4-й Форум корейской молодёжи Узбекистана
28.07.2018

Тожикистонлик адабиёт намояндалари билан учрашув

Юртимизда қўшни давлатлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатларни иқтисодий-ижтимоий, савдо-саноат ҳамда маданий-адабий соҳалардаги алоқаларини мустаҳкамлаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Тожикистон Республикаси билан турли соҳалардаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши,  давлат чегараларининг очилиши,   азалдан қардош, қуда-анда бўлиб келган халқларнинг қалбига чексиз қувонч бағишламоқда.

    26 июль куни Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Жаҳон адабиёти” журналининг тожикистонлик ёзувчи ва адибларнинг асарлари чоп этилган янги сонининг тақдимот маросими ўтказилди. Ушбу тадбирда таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, журнал таҳририяти аъзолари билан бирга Тожикистон халқ ёзувчиси Абдуғаффор Абдужабборов ва таниқли Гурес Сафаровлар меҳмон сифатида иштирок этди.

         Меҳмонларни қўмита раиси Р.Қурбонов самимий қутлаб, икки қардош мамлакатлар ўртасида тобора ривожланиб бораётган алоқалар, жумладан маданий-гуманитар соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтди. У ўз кириш сўзида: “Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлар ҳисобланади. Икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик, қуда-андачилик ришталари билан мустаҳкам боғланган. Шу боис, уларни “икки тилда гаплашувчи бир халқ” ҳам дейишади. Мамлакатларимизнинг ўзаро муносабатларида охирги пайтларда кузатилаётган ижобий ўзгаришлардан биринчи навбатда, оддий одамлар манфаат кўрмоқда. Айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаралар қайта очилганлиги ўзбек ва тожик жамоатчилиги, хусусан, чегараолди ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан ката хурсандчилик билан кутиб олинди. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши ҳам одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда”,- деди.

Тожикистон халқ ёзувчиси, Тожикистон Республикаси маданият вазирлигининг халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Абдуғаффор Абдужабборов ўз сўзида Буюк аждодларимиз Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг ижодий мерослари бўлган абадий чин дўстлиги туфайли ўзбек ва тожик халқлари бир-бирлари билан аҳил, иноқ, дўстлашиб яшашга муқаррардирлар. Ва бугун бизнинг кўп асрлик дўстлигимиз мамлакатларимиз раҳбарларининг олиб бораётган одилона сиёсати, ўзаро муносабатлари туфайли қайта тикланди деди. Шунингдек, Ўзбекистонда тожик маданияти, санъати тарғиботига ва ўзаро адабий алоқалар ривожига қўшган ҳиссаси учун таниқли таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Амир Файзулла ва таниқли драматург ва адабиётшунос Шуҳрат Ризаевга Тожикистон Бадиий Академияси қошидаги Халқаро Фундаментал таълим университетининг фахрий доктори унвони тақдим этилди.

Адабиётшунос олим, драматург Шуҳрат Ризаев юксак мукофот учун миннатдорчилик билдириб, Навоийдек улуғ даҳомизни Навоий қилиб, бу адабиётни минг йилларга, инсоният умрининг охирларигача эскирмайдиган қилиб, умумжаҳоний мазмуни билан мукаммал ҳолда дунёга келтиришига сабаб айнан Абдурахмон Жомий билан бўлган дўстликларидир деди. “Абдуғаффор ака билан бўлган кўплаб суҳбатлар, баҳс-мунозаралар чоғида тожик адабиётининг элчиси бўлиб сиз, ўзбек адабиётининг қайсидир маъносида элчиси сифатида мен бўлиб бир-биримиз билан асарлар алмашсак бизнинг шахсий дўстлигимиз аста секин халқларимизнинг дўстлиги деган тушунчага борадику деб алоқаларимизни мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшдик. Биз сўнгги 20 йиллар давомида тожик адабиётини, ёки улар ўзбек адабиётини ичидан бутун бир ўзгаришлари, тобланишлари, турфа ранглари билан кўриш имкониятидан бир оз махрум бўлиб қолдик. Ўйлайманки, мана шундай нашрларимиз бизда тожик адабиётига бўлган муносабатни Тожикистонда ўзбек адабиёти, санъатига бўлган муносабатини кучайишига сабаб бўлиши ажаб эмас”, – деди.
 “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририяти мамлакатимизда кечаётган сиёсий-маданий ислоҳотларга жавобан журнал сонларини қўшни мамлакатлар адабиёти, санъати ва маданиятига бағишлашни мақсад қилди.  Шунга кўра нашрнинг апрель сони Тожикистон Республикасига бағишланди.  Унда тожик мумтоз ва замонавий шеъриятининг забардаст вакиллари М.Турсунзода, М.Қаноат, А.Сайфуллоев, Г.Сафиева, Б.Собир, Ҳ.Ғойиб,              З.Атоева каби шоирлар ижодидан намуналар, машҳур ёзувчилар Меҳмон Бахтийнинг “Қария”, Абдулҳамид Самаднинг “Қанийди”, “От кетиб борарди” номли қисса ва ҳикоялари эълон қилинди.

         Нотиқлар “Жаҳон адабиёти” ва “Садои шарқ” журналлари ўртасида яқин ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги, уларнинг саҳифаларида икки халқ ёзувчи ва ижодкорларининг асарлари чоп этилаётгани, халқларимиз ҳаёти, мамлакатларимизда кечаётган ўзгаришлар ҳақида мақолалар бериб борилаётгани, халқларимизнинг азалий дўстлигига ижобий ҳисса бўлиб қўшилаётганини таъкидлаб ўтишди.
Тадбир иштирокчилари Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга амалга оширадиган расмий ташрифи икки халқ ўртасидаги азалик дўстликни янада мустаҳкамланишига, икки мамлакат ўртасидаги маданий ва маърифий алоқалар янада ривожланишига ишонч билдирдилар.