Абай Қўнонбоевнинг ижодий мероси ўзбек халқи учун қадрлидир
12.07.2018
“Манас”да яшаётган меҳнаткаш халқ мамнун
13.07.2018

ҚОЗОҚ ПОЭЗИЯСИНИНГ ЁРИҚИН ЮЛДУЗИ

       Ҳаётда шундай ижодкорлар бўладики, у ўзининг ижодий фаолияти билан, ўз она диёридагина алоҳида шуҳрат қозониб қолмасдан, балки умумжаҳон халқлари орасида ҳам ўзига муносиб ўринг эгаллайди ва ҳурмат билан тилга олинади. Ана шундай, аллома қалам соҳибларининг бири – Абай Қўнонбоевдир.

      Х1Х асрнинг иккинчи яримида яшаган, қозоқ халқининг машҳур шоирий, ажойиб истеъдод соҳиби, дала донишманди Абай Қўнонбоев, ҳозирги Шарқий Қозоғистон (аввалги Семипалатинск) вилоятига қарашли, Абай туманидаги Чингизтоғ этакларига жойлашган Тўбиқти уруғидан. У 1845 йилнинг 10 августида “Қашқа булоқ” деган масканида, ўзига тўқ Қўнонбой оиласида дунёга келиб, 1904 йилнинг 23 июнида, 59 ёшида, шу жойда оламдан ўтади.
        Абай – тўрт аёлли бўлган Қўнонбойнинг 41 ёшида, иккинчи аёли Улжоннан кўрган фарзанди. Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Қўнонбойнинг отаси Ўскенбой ҳам, унинг отаси Ирғизбой ҳам бадавлат, эл бошқарган кишилардан бўлган бўлса, унинг энг улкан бобоси Ўлжой ниҳоятда ботир, пахлован киши бўлган. Масалан: шоирнинг ундан  кейинги улкан бобоси Ирғизбой, ХУ11 асрнинг 50 – йилларида, Тўрғой вилоятига қарашли “Ирғиз” дарёси яқоловида дунёга келади. Ундан кейинги отаси Ўскенбай ҳам, ўз дадаси Қўнонбой ҳам, қозоқ халқи орасида катта обрўга эга бўлган, ўзининг одилона фикрлари билан эл-юрт орасида кўзга тушган ниҳоятда бой ва бадавлат кишилардан бўлади.
         Абайнинг асл исми – Иброҳим. Аммо бувиси Зера билан онаси Улжон,  уни алоҳида, ардоқлаб, эркалатиб, хўрмат билан тилга олиб: “Абайла ўғлим”, “эҳиёт бўл”, “йқилиб қолма”, “қоқилиб қолма”, “Абай бўл болам” деб, тилга ола юриб, кейин кела – кела у “Абай” номи билан халқ орасида аталиб кетади.
         Абай 10 га ёшга қадар ота – онасининг тарбиясида бўлиб, бошланғич маълумотни, ўз овулидаги Ғабитхон исмли мулладан олади. Сўнгра у, Семипалатинск шаҳридаги мадрасага ўқишга боради. Унда у аввал Абжаббар, кейинчалик эса Аҳмад Ризо исмли татар муллаларнинг қўлида ўқиб, уч йилгина таълим – тарбия олиб, таҳсил топади.
        Абай шу мадрасада ҳқиб юрган чоғларидаёқ, Шарқ шоирларининг, шу жумладан Фирдовсий, Низамий, Хўжа Ҳофиз, Сағди, Алишер Навоий ва Физулий каби буюк аломаларнинг асарларини қунт билан ўқиб урганади. Ҳамда, араб, форс, чоғотой (эски ўзбек) тилларида ёзилган ҳисса ва дастонларни мароқ билан севиб мутола этади.
         Унинг устига Абай, ўқиш даврининг сўнги йилида Семипалатинск шаҳридаги “Приходская школа” деб номланувчи рус мактабида уч ой ўқиб, рус тилини ҳам мукаммал ўрганишга алоҳида аҳамият беради. Натижада, рус адабиётининг буюк намояндалари бўлмиш: А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, И.А.Крилов, Л.Н.Толстой, Салтиков – Шедрин, В.Г. Белинсий каби бошқа ижодкорлар асарлари билан ҳам кенгроқ танишиш имконига мушараф бўлади. Мана бўлар ҳам бўлажак шоирга алоҳида илҳом боғишлайди.
        Аммо Абай эндигина 13 ёшга кирган чоғида, дадаси Қўнонбой уни эл бошқариш мансабини олиб бериш мақсадида ўқишдан бўшатиб, ўз овулига олиб кетади. Шу тўфайли Абай, ўз юртига боргандан сўнг, “Қўнғир кўкча” деган масканда яшовчи элга бўлис, ҳозирги тил билан айтганда ҳоким бўлиб, халқни бошқариш ишига аралаша бошлайди.
        Ҳаётга ғоят зеҳинли, ақилли бўлиб келган Абай, аста – секин эл – юрт орасида бўлаётган келишмовчиликларни, пасту – баландликларини, ўзаро кирдикорлигини англаб, ижтимоий турмушдаги қарама – қаршиликларнинг сирини, моҳиятини тўғри тушуна бошлайди. Эл – юрт орасида бўлаётган зиддиятларни, бой – феодолларнинг зўрлик ва зўравонликларини, адолатсизликларни ўз кўзи билан кўради ва ундан ниҳоятда нафратланади.
         Шунинг натижасида у, ўз дадаси Қўнонбойнинг ҳам баъзан халққа кўрсатаётган адолатсизлигини, зўравонлиқ – хиёнатларини кўриб, ниҳоятда истироб чекади ва унга баъзан қарши чиқишга мажбур бўлади. Энди у ўз дадаси, бадавлат – феодал Қўнонбойнинг бирдан – бир ёрдамчисигина эмас, балки адолат байроғини баланд кўтарувчи, адолатни ёқловчи, ҳақиқий халқпарвор, одий меҳнат кишиларини ҳимоя қилувчи инсон бўлиб шакллана бошлайди.
         Шу туфайли у ўз элида, ўз овулида бўлаётган кирдикорона ишларга, жанжалларга аралашиб, уларни адолатли ечишга алоҳида эътибор беради. Лекин бу масалада у, турли – туман қарама – қаршиликларга, зиддиятларга учраб, кўп нарсаларга етиша олмайди. Ҳатто ўзи ҳам бирнеча бор жабр – жафо чекади. Шунинг учун ҳам шоир ўзининг 1886 йили, 41 ёшида ёзган бир шеърида:
                                        Қозоғим, шўрлик юртим, вайрон юртим!
                                        Қоронғида йўл топмай, ҳайрон юртим!
                                        Ёмон билан яхшини фарқ қилолмай,
                                        Оғзида ҳам қон,  ҳам мой сарсон юртим!
                                        Қарасам, ажабтовур юзинг сенинг,
                                        Нечун ахир, алдамчи сўзинг сенинг?
                                        Доноларнинг ҳикмати писанд эмас,
                                        Ғофил қолган, адашган ўзинг сенинг!
                                         Тунда уйқунг бузилар, кундуз – кулкинг,
                                         Дардингга эм бўлмади молинг – мулкинг!
                                         Очкўзсан, тамакорсан, курумсоқсан,
                                         Бор савлатинг бошингга кийган тулкинг…
деб, ўз кўзи билан кўрган беманагарчиликни кескин танқид остига олиб, бий, булис, бойларни адолатли, халқфарвор, инсофли бўлишга чорлайди. Аммо ундан ҳеч қандай натижа чиқмайди. Шу тўфайли улардан ғазабланган шоир:
                                              Бий бўлди қийқим бойлар бош-бошига,
                                              Доғ солди, заҳар солди юрт ошига.
                                              Қўрқаман, асоси йўқ кўр сингари,
                                              Элим унар бузуқлар алдашига!..
                                               Оталарга ўхшамай қолди турқинг,
                                               Ёпирмай, мунча кетди, элим, хулқинг!
                                               Бирлик йўқ, барака йўқ, бузилди феъл,
                                               Қани йиғган давлатинг, боққан йилқинг?
                                               Элат билан элат ёв бойлик учун,
                                                Оға билан ини ёв сийлик учун,
                                                Қозоғим, ўз-ўзингни ўнгламасанг,
                                                Бадбахт кунга қолмасми тақдир бутун?
                                                                                    (Миртемир таржимаси)
 деб улардан бутунлай нали бошлайди.
       Унинг устига, эл – юртида кенг авж олган зиддиятлар, зўравонликлар, Абайга нисботан ҳам турли бўхтонлар ёғдирилиб, ниҳоятда азоб – уқубатларга қолади. Шунинг учун ҳам Абай, бўлисликдон тамомила воз кечади.
        Ўз давридаги зиддиятларини, зўрлик ва зўровонликларининг сирини теран тушунган Абай, ўз замонасининг илғор ғоялари билан кенг қуролланишга интилади. Натижада, эринмой изланиб, ғоят илмли, файласуф шоир сифатида камол топади. Оддий меҳнат кишилари, халқ ғамини, дардини куйлайдиган, халқ парвор – улкан истеъдод соҳиби даражасига кўтарилади. Шунинг учун ҳам шоир ўз шеърларининг бирида:
                                                   Ўз сўзидан бошқа сўзни уқмайдиган,
                                                   Оғзи билан ўроқ ўрган ўнкай қиртинг.
                                                   Бош – бошига бий бўлган нуқул қийқим,
                                                   Мана, кўр, бузмадими элнинг  турқун.
деб, ҳеч кимдан чўчимасдан, ўша даврдаги ҳақ гапни очиқ – ойдин очиб тилга олади.
           Ҳатто Абай ўзининг “Юрагим менинг қирқ ямоқ”, “Молга дўстнинг ғами йўқ молдан бошқа”, “Бўлис бўлдим мана мен” каби ва бошқа шеърий асарларида ҳам, бой – феодалларга, бий, булисларнинг зўрлик-зўровонларига қарши чиқиб, эскиликнинг кирдикорлигини ҳам кескин танқид остига олади.
          Айниқса Абай, буюк инсоний фазилатларни, адолатни, халқчилликни ҳамма нарса – дан юқори баҳолаб, адолатсизликларни, порахўрликни мутлақа қоралайди. Доимо, оддий меҳнат кишилари, қашшоқ – камбағалларнинг тарафдори бўлади.
          Ҳеч нарсанинг фарқига бора олмайдиган, бепарво, саводсиз, нодон инсонларни кескин танқид остига олади. Бўлис – бийларнинг нотўғри, бемани ишларини ҳам очиқ – ойдин тилга олиб, уларни инсофга чақиради, Масалан, шоир ўзининг 1888 йили, 43 ёшида ёзган “Маст бўлади бўлисинг” номли ажойиб шеърида:
                                                   Маст бўлади бўлисинг,
                                                   Орқаға улуғ қоққанга.
                                                   Ялтиратиб ўрисинг
                                                   Унвонли чакмон ёпганга.
                                                   Кунда яхши бўларми
                                                   Бир қилиғи ёққанга?
                                                   Зарбоф тўнлар тўларми
                                                   Ор – уятин сотганга?
деб шоир, ўз замонасида булаётган адолатсизникни, тенгсизликни очиб ташлайди.
         Одамларни инсофли, билимли, қайирли, марифатли бўлишини орзу қилади. Лекин Абай, ўз даврида ундай кишиларни топа олмай, ғоят минг бор афсусланади. Шу тўфайли у, ўз замонасидан нолиди, Ўзини тушинадиган, сўзига эътибор берадиган инсонларни топа олмай, ниҳоятда ғазабланади. Азоб, уққубатлар чекади.
       Тўғри Абай, 10 ёшидан бошлаб шеърий асарлар ёза бошлайди. Уча илк шеърий асарларининг ўзидаёқ, Шарқ шоирлари зарчашмаларидан илҳомланб, назирагуйлик йули билан ҳам шеърий асарлар ёзишга интилади. Бу ҳол унинг ижодида 10 ёшдан 16, ҳатто 19 ёшгача кенг давом этади. Масалан у ўзининг 1855 йили, ун ёшида ёзган “Юзи – равшан, кўзи – гавҳор” номли илк шеърини, Шарқ шоирлари асарларидан илҳомланган ҳолда, айниқса Низомий, Физули ва Алишер Навоий ижод чашмалари таъсири асосида ёзиш имконига мушараф бўлади.
        Доимо ўқиш ва эринмай изланишда бўлган Абай Қўнонбоев, ўз билимини оширишни ҳамма нарсадан афзал билади. Шарқ шоирларининг ижод дурдоналарни қунт билан ўқиб, улар асарларидан таъсирланиб, у 19 ёшида ҳам ўзининг “Алифбо” номли шеърий асарини ёзади. Унда шоир арабнинг 28 харфини бўтунлай олиб, шеъри шакилида, устолик билан мадҳ этади. Масалан шоир:
                                              Алиф дек ой юзингга ғиброт этдим,
                                             Би – Билан дардингга нисбат этдим.
                                             Ти – Тилимдан чиқариб турли айбат,
                                             Си – Санинг мадҳингга ҳурмат этдим.
                                             Жим – Жамолинг қандай чиройли менга,
                                             Ҳа – Ҳалоллик топмадим жоним сендан.
                                             Хи – Ҳалойиқ менгина эмас, ҳамма интизор,
                                             Дал – Дариға интизор ўти бермас амон.
деб, ҳамма араб ҳарфи асасида мукаммал шеърий асарини яратиб, яна бир бор қозоқ поэзиясига янгилик олиб киради.
        Бунинг устига, Петербургдан қозоқ саҳорасига сургун қилинган исёнкор ижодкор Е.П. Михаэлс билан яқиндон танишиб, дўст бўлиши, Абай ҳаётида муҳим омил бўлади.        Ҳатто у, Арасту, Сукрот, Афлотин, Гегель каби машҳур файласуфларнинг асарларидан ҳам баҳраманд бўлиш билан бир қаторда,  Ғарб адабиётиниг ноёб классиклари бўлган Байрон, Гёте каби ижодкорларнинг шеърий асарларини, рус тилидаги таржимасидан севиб ўқиб,  улар асарларини қозоқ тилига таржима қилишни ҳам ўз кўнглига олади.
        Мана бўлар ҳам Абайнинг буюк шоир бўлиб етишишида, ҳаётнинг турли – туман кирдикорлигини маълум даражада тўғри англаб, тўғри тушунишида, ўзининг ижобий ва самарали таъсирини кўрсатади.
                                                                               Қалдибек СЕЙДАНОВ
                                                                  Ўзбекистон Республикаси Турон Фанлар
                                                         Академиясининг, ҳамда Қозоғистон Республикаси
                                                    Гуманитор Фанлар Академиясининг академиги, профессор