Ўзбекистонда беларусларнинг мустақиллик куни нишонланди
12.07.2018
ҚОЗОҚ ПОЭЗИЯСИНИНГ ЁРИҚИН ЮЛДУЗИ
13.07.2018

Абай Қўнонбоевнинг ижодий мероси ўзбек халқи учун қадрлидир

Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилган бугунги кунда икки қардош ўзбек ва қозоқ халқлари орасидан етишиб чиққан улуғ сиймоларни қадрлаш, уларнинг халқларимизга қолдириб кетган ўлмас меросларини ўрганиш ва тарғиб қилишга жуда катта эътибор қаратилмоқда.

Шу жиҳатдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг жорий йил 13 март кунги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори қардош Қозоғистон халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига бўлган улкан ҳурмати ва ишончининг ёрқин ифодаси бўлди.
Президентимизнинг  ушбу қарори доирасида, жорий йилнинг 12-июль куни Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва Республика қозоқ миллий маданий маркази билан ҳамкорликда “Абай Қўнонбоевнинг ижодий мероси ўзбек халқи учун қадрлидир” мавзуидаги ижодий кеча ташкил этилди. Қўмита фойесида қозоқ халқининг миллий ҳунармандчилик асарлари намуналари, Абай ижодига бағишлаб чоп этилган нашрлар кўргазмаси тадбирга келган меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

 

Ижодий кеча бошланишидан олдин шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи “Абай қозоқ ва ўзбек халқларининг ёрқин юлдузи” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Қўмита раиси Р.Қурбонов тадбир иштирокчиларини қутлаб, Абайнинг ўз халқига бўлган меҳр-муҳаббатини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди деди. Шоирни миллийлик қобиғидан чиқариб, уни умумбашарий шоирга айлантирган омил унинг ўз халқига бўлган чексиз ва беғубор муҳаббати, эл-юртининг тақдири билан боғлиқ курашчан доно инсон эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди. Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда бутун туркий халқлари, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида яшаб келмоқда. У шоир сифатида бутун инсониятга муҳаббат кўзи билан қарарди деб таъкидлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ўз нутқида: “Чин шоирлар биринчи навбатда элининг бахти, саодати бўлиб дунёга келади. Асл шоир уйғотувчи қалб билан ўз халқини эзгуликка, яхшиликка, маърифатга чорлайди. Шунинг учун ҳам уйғотувчи сўзлар абадиятга даҳлдор бўлади. Халқ ғамини ўйлаб, ўзини халқининг бахту-саодати йўлига бахшида этган шоирлар даврлар ўтса ҳам авлодларнинг қалбида яшайдилар. “Одами эрсанг, демагил одами, Они ким йўқ халқ ғамидин ғами”. Хазрат Алишер Навоийнинг ушбу ўлмас байти буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев каби бир умр халқ ғамида қайғуриб яшаган инсонлар ҳақида десак ҳам, назаримда ҳаммамизнинг юрагимиздаги гапни айтган бўлар эдик. Абай ижодини ўрганиш бугунги ёш авлод учун туркий шеъриятининг бетакрор ва ранг-баранг поэтикасини кашф этиш ва тахлил қилиш имкониятини беради ”, деди.

Шунингдек, у Абай ҳаёти ва фаолияти таҳлил этилганда, унинг қандай тақдир чиғириқларини енгиб ўта олгани, Яратганнинг инъоми билан буюклик ва даҳоликка  етишганини кўриш мумкинлиги, улуғ қозоқ шоири, ҳайратомуз хотира соҳиби, миллат булбули, деб тан олинган дея таъкидлаб ўтди. Абай бир шеърида  “Ўлсам, умрим қордаги из бўлмасми? Ўткир тилим тортинчоқ қиз бўлмасми?” деганда, нималарни назарда тутганлиги ҳали-ҳамон кўп ёзувчилар ва адабиётшуносларни ўйга толдириб келаётганига тўхталиб ўтди.
Сўзга чиққанлар Абайни фақат қозоқ халқининггина эмас, балки бутун туркий оламда фалсафий фикрлар тараққиётига катта ҳисса қўшган, адабий тафаккурни нурлантирган, мавжуд ҳаётни санъаткорона бадиий акс эттирган улкан мутафаккир эканлиги,  у шоир сифатида бутун инсониятга муҳаббат кўзи билан қараганлигини таъкидлаб ўтишди.
Ижодий кечада ёзувчи Абдулла Рустамовнинг “Қозоқ адабиётининг ривожлантиришда Абай ижодининг ўрни”, адабиётшунос олим, профессор Қалдибек Сейдановнинг “Абай – қозоқ халқининг ёрқин юлдузи” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Ижодий кеча сўнгида Республика қозоқ миллий маданий маркази қошидаги ижодий жамоалар томонидан Абай асарларидан намуналар ўқилиб, шоир асарлари асосида саҳналаштирилган спектакллардан парчалар ва ўзбек ва қозоқ халқларининг абадий дўстлигини тараннум этувчи қўй-қўшиқлар ижро этилди.
Республика қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов тадбир ҳусусида ўз фикрларини билдириб, шундай деди: “Бўлиб ўтаётган тадбир энг аввало буюк ўзбек халқининг қардош қозоқ халқи ўғлонига бўлган чуқур самимий муносабатини билдиради. Бўндан республикамиз раҳбариятининг миллатлараро муносабатлар масаласига нечоғлиқ муҳим аҳамият кўрсатилаётганидан далолат беради. Биз қозоқ миллий маданий маркази ҳамда Қўмитамиз билан ҳамкорликда шундай тадбирни ташкил қилишганига раҳматлар айтамиз ва шундай адабий кечаларимиз кўп бўлса, биз фарзандларимизни китобхонликка бўлган меҳрларини уйғотамиз ва биздан олдин яшаб ижод қилган буюк уламоларимиз ҳаёти ва ижоди билан таништирсак, келажакда ёшларимиз албатта биздан ҳам яхшироқ ҳаёт кечиришади”.
Президентимизнинг шу йил 13 мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорини  ҳам элимиз мамнуният билан қарши олди. Ўзбек ва қозоқ халқлари тили, дили, дини, жони ва қони бир бўлган улуғ туркий миллатлардир. Шундай экан, Абай Қунонбаевдек улуғ мутафаккирлар, даҳолар барча туркий эллар учун эъзозли ва қадрлидир.
“Абай Қўнонбоевнинг ижодий мероси ўзбек халқи учун қадрлидир” мавзуидаги ижодий кеча ҳам, Абай ижодиётинининг тарғиботида муҳим аҳамиятга эга бўлади.