Юртимиз ардоқлаган таниқли драматург олим Шуҳрат Ризаев 60 ёшда!
10.07.2018
Абай Қўнонбоевнинг ижодий мероси ўзбек халқи учун қадрлидир
12.07.2018

Ўзбекистонда беларусларнинг мустақиллик куни нишонланди

7 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Беларусия Республикаси мустақиллиги кунига бағишланган тадбир ўтказилди.

Бино фойесида беларус маданияти, тарихини ифодаловчи кўргазма ташкил этилган бўлиб, унда беларус миллий либослари, таомлари, адабиёти ва санъати ўрин эгаллаган. Байрамни Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов Беларус халқини қутлуғ байрам билан табриклаб, жумладан шундай деди:
“3 июль санаси беларус халқи учун алоҳида аҳамиятга эга. 1944 йили  шу куни Минск шаҳри фашист босқинчилари қўлидан озод қилинган. Бу байрам беларус халқининг жонини тикиб ватан озодлиги учун кураши, унда ҳар учинчи беларус қурбон бўлгани ҳақида сўзлайди. Озодликнинг қадри ва унга қандай машаққат билан эришилиши  ўзбек халқи учун ҳам таниш. Ўзбек ва беларус муносабатлари охирги йилларда янада ривожланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукошенконинг биргалигдаги ҳаракати туфайли қисқа вақт ичида катта натижаларга эришилмоқда. Бу, айниқса, маданий алоқалар соҳасида ўз аксини топмоқда”.

Беларусия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулотда Мухтор элчиси Леонид Маринич Ўзбекистонда турли миллат вакиллари учун яратилган шароитлар, тинч ва осуда ҳаётни таъминлаб берган республика раҳбариятига ўзининг миннатдорчилигини билдирди.
Тошкент шаҳридаги «Свiтанак» Беларусия маданият маркази раҳбари Светлана Дюдук ўзининг байрам табригини йўллаб, юртимизда истиқомат қилаётган беларус миллати вакилларини жонажон Ўзбекистон ва Беларусь равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилиб, икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларни ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшишга чақирди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда беларус диаспорасининг пайдо бўлиши уруш йилларига бориб тақалади. Кейинчалик, 1966 йилиги зилзиладан сўнг Тошкентни қайта қуриш учун 2 мингдан ортиқ беларусияликлар жалб этилган. Тошкент шаҳридаги кўплаб бинолар айнан беларус архитекторлари томонидан яратилган. «Свiтанак» Беларусия маданият маркази раҳбари Светлана Дюдук берган маълумотига кўра, «Космонавтлар» ва «Алишер Навоий» метро бекатлари, Ўзбекистон Миллий университети кутубхонаси ва Тошкент Ахборот техналогиялари университети кабилар айнан беларус ҳайкалтарошлари томонидан безатилган. Бундан ташқари, беларус профессорлар, хусусан, ота-бола Ихэдиевскийлар Ўзбекистон илм-фан ривожига катта ҳисса қўшган. Бугунги кунда Ўзбекистонда 18 мингга яқин беларус миллатига мансуб фуқаролар бўлиб, улар Тошкентдан ташқари Самарқанд ва Бухаро шаҳарларида истиқомат қилишади.

Ушбу байрамда икки миллат муносабатларини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган фуқаролар Беларусия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасининг махсус ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбирнинг бадиий қисмида беларус миллий рақслари ва қўшиқлари намойиш этилди. Хусусан, «Фиеста» рақс гуруҳи, «Катюша» бадиий жамоаси, «Шанс» болалар театри иштирокчилари, «Легава»  рақс ансамбли раққосалари ўз намойишлари билан кўтаринки кайфият бағишлашди. Бундан ташқари, «Славутич» Республика украин маданият марказидан Любовь Тарасова, татар маданият марказидан Румия Девликамова ҳамда Ўзбекистон Давлат консерваторияси профессори Ирина Галушенко бадиий чиқишлари билан иштирок этишди.
Беларусия Мустақиллиги куниниг Ўзбекистонда нишонланиши бу икки миллат ва давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Зебо Муродова