В АНКАРЕ ОБСУДИЛИ ПАЛОМНИЧЕСКИЙ ТУРИЗМ В УЗБЕКИСТАН
20.06.2018
Встреча с представителями России
21.06.2018

Тожикистонлик ватандошлар билан учрашув

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Қўмита раиси Рустам Қурбоновнинг Тожикистондан ташриф буюрган ўзбек диаспораси етакчилари Илҳом Юсупов, Жамшид Пиримов ва Муроджон Вайдуллоевлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ташриф мақсади – Қўмита билан дўстона муносабатлар ўрнатиш масалаларини ҳал этиш ва ўзаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш.
Қўмита раиси Р.Қурбонов Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фармонига биноан ташкил этилган Қўмитанинг фаолияти тўғрисида ахборот берди.
Миллий сиёсатни бевосита ҳаётга татбиқ этаётган ташкилотлардан бири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳисобланади.

Бугун Қўмита «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Қўмита фаолияти учун шаҳримизнинг энг кўркам биноларидан бири ажратиб берилди. Илгариги Бобур истирохат боғи эса “Дўстлик” боғига айланиб, у ҳам Қўмита тасарруфига берилди. Қўмита Ўзбекистонда яшаётган турли миллат фарзандларининг  учрашув жойи, ўзига хос Дўстлик саройига айланган. Бу ерда мунтазам равишда миллий халқ байрамлари, фестиваллар, концертлар, учрашувлар, таниқли маданият арбобларининг чиқишлари, семинарлар ва конференциялар ўтказиб турилади.

Ўз навбатида Тожикистонлик меҳмонлар самимий учрашув учун ўз миннатдорчиликларини билдириб, Ҳўжанд шаҳрида фаолият олиб бораётган ўзбек маънавият ва маърифат маркази ҳусусида ахборот беришди. Улар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни давлатлар билан алоқаларни янги босқичга олиб чиққани ва натижада, чегарадош худудларда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларига қариндош-уруғлари, ёру-дўстлари билан бир-бирлариникига бемалол бориб келиш имкони яратилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлаб ўтишди. Меҳмонлар ўтган асрнинг 90-йилларида Тожикистонда рўй берган фуқаролар уруши натижасида республиканинг ривожланиши қарийб 40 йилга тўхтаб қолгани ва бу ҳолат тожикистонлик 2 миллионга яқин ўзбекларга ҳам ўз таъсирини етказгани ҳақида айтиб, Қўмита билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва тегишли меъёрий ҳужжатларни имзолаш масалалари ҳақида келишиб олдилар.
Томонлар бўлиб ўтаётган учрашув узилиб қолган Ўзбекистон ва Тожикистон  халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ривож топишига ишонч билдирдилар.