Тошкентда Пушкин таваллудининг 219 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди
07.06.2018
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
07.06.2018

ЎЗБЕКИСТОНДА ХАЛҚ ДИПЛОМАТИЯСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИНИНГ ТУТГАН ЎРНИ

Бугунги глобал ўзгаришлар жаҳон ҳамжамиятининг барча давлатлари қатори мустақил ривожланаётган мамлакатлар ҳаётига ҳам ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда.

Бугун жаҳонда миллатлараро тотувликка берилаётган улкан эътибор кўп миллатли ривожланган давлатлар қатори Ўзбекистон учун ҳам тинчлик, иқтисодий-ижтимоий тараққий этиш ва халқаро нуфузни ошириш учун долзарб аҳамиятга эгадир.
Ўзбекистон ўзининг ички ва ташқи сиёсатида тинчликсевар сиёсат юритиши орқали миллатлараро дўстона муносабатларни таъминлаш, минтақа ва жаҳонда тинчликни қўллаб-қувватлаш тарафдори бўлиб келмоқда.
Давлатимиз мустақил тараққиёт йўлининг янги босқичида янги марраларни эгаллаш ва халқаро майдонда юз бераётган туб ўзгаришларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7-февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон Фармонининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниши ва унинг 5-йўналиши “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар” сифатида белгиланганлиги мамлакатимизда Халқ дипломатияси воситасида дўстона алоқаларни ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистонда тараққиётнинг янги механизми шаклланаётганлигидан далолат беради.
Статистик маълумотларга кўра, 1897-йилда Ўзбекистон ҳудудида 70та миллат бўлган бўлса, 1959-йилда 113та, 1989-йилда 123та, ҳозирги пайтда эса 130 дан ортиқни ташкил этаётган турли миллат ва элат вакиллари ўзларининг муносиб хизматлари билан ватанимиз равнақи ва тараққиётига салмоқли хиссаларини қўшиб келаётганликларини эътироф этиш жоиз.
Шу боис, Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарининг ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” дейилган, шунингдек, Конституциямизнинг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар”, – деб белгилаб қўйилганлиги, кўпмиллатли халқимиз ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, халқ дипломатиясига қисқача тўхталиб ўтсак, халқ дипломатияси ХХI аср глобаллашув даврининг таҳдидларини олдини олишга ва миллатлараро бағрикенглик асосида ҳамкорликни ривожлантиришга, халқлар ўртасида дўстона алоқалар руҳини кучайтиришга хизмат қилувчи дўстлик алоқалари воситаси механизми сифатида халқаро муносабатларга кириб келган. Халқ дипломатиясининг асосий жиҳати шунда намоён бўладики, унда асосан (яъни 90 фоиз) халқ ва халқ вакиллари бош актёр сифатида иштирок этишидир. Халқ дипломатиясини бир сўз билан айтганда – халқлар ва миллатлар ўртасидаги тинчлик ва дўстлик элчиси дейиш мумкин.
Ўзбекистон ҳудудида Халқ дипломатияси тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бунга тарихдан мисол сифатида, ҳудудимиздан ўтган Буюк Ипак йўли ва унда турли халқларнинг савдо карвонлари ўзаро дўстона алоқалар олиб борганлиги ҳам мамлакатимизда халқ дипломатияси тарихан шаклланганлигидан далолат беради.
Шунингдек, ўзбек халқига хос бағрикенглик, очиқкўнгиллик миллатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро дўстона алоқаларни янада ривожланишига ва тараққий этишига, турли миллат вакилларини шу заминда яшаб қолишларига турти булган. Бунга мисол сифатида, Уруш даврида 15 нафар турли миллатга мансуб етим болаларни боқиб олган темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласини келтириш мумкин. Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллатларга мансуб ягона оила туйғуси шаклланганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Ҳозирги тезкор замон ва янги давр талабларидан келиб чиқиб, бугунги кунда юртимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва хорижий мамлакатларда истиқомат қилувчи ватандошларимиз билан алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида, Президентимизнинг ташаббуслари билан 2017-йил 19-майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №ПФ-5046-сон Фармон ва 2017-йил 23-майдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-2993-сон Қарори асосида Республика Байналмилал маданият маркази негизида ҳамда Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши янги тузилмага айлантирилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.
Қўмита ўз фаолияти доирасида мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш, халқ дипломатияси воситасида хориждаги ватандошларимиз билан мунтазам дўстона алоқаларни йўлга қўйиш орқали Ўзбекистонда яшаб келаётган барча миллат ва элат вакилларининг тарихи, маданияти, қадриятлари, миллий урф-одатларини сақлаш, ҳар томонлама ривожлантиришни кучайтириш каби ишларни амалга ошириб келмоқда.
Қўмитанинг асосий 6та вазифалари сифатида қуйидагилар белгилаб берилди:
  • жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;
  • дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш ишларини самарали мувофиқлаштириш;
  • давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш;
  • мамлакатимизда яшовчи турли миллат ва элатлар вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • хорижий мамлакатларда давлатимизнинг тинчликсевар сиёсати, демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш борасида мақсад ва вазифаларини, бугунги кунда давлатимизнинг барча соҳаларда эришаётган муваффақиятларини кенг тарғиб қилиш;
  • миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга бағишланган илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилишда кўмаклашиш ва бевосита қатнашиш кабилардир[1].
Ўзбекистон Ахборот агентлиги хабарига кўра, Президентимизнинг 2017 йил июнь ойида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитида ШҲТнинг доимий фаолият юритувчи халқ дипломатияси марказини ташкил этиш ғояси таклифлари нафақат минтақада балки жаҳонда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эгадир.
БМТ маълумотига кўра дунёдаги энг катта тиллар ичида ўзбек тили 54-ўринни эгаллайди. Ўзбекистондан ташқарида яшовчи энг кўп ўзбек миллати вакиллари асосан Марказий Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, Афғонистон аҳолисининг 9% (яъни 2.8 млн), Тожикистон 17% (яъни 1.2 млн), Қирғизистон 14% (яъни 876.000), Қозоғистон 3.1% (яъни 548.000), Туркманистон 5.8% (яъни 280.000) ҳам ўзбек диаспораси вакиллари бўлиб бундан ташқари, Россияда (290.000), Туркия (75.000), Покистон (70.000), АҚШ (60.000), Украина (12.350), Хитой (10.569),  Швеция (3.500), Белорус (1.593), Монголия (560), Латвияда (340) каби қатор давлатларда ҳам истиқомат қилмоқда.
Ҳозирги кунда дунёнинг 30дан ортиқ мамлакатида тахминан 6 млнга яқин ватандошларимиз истиқомад қилмоқда. Айни пайтда қўмита қошидаги дўстлик жамиятлари халқ дипломатияси воситасида хорижий мамлакатлар жамоатчилиги ўртасида маданий, илмий ва гуманитар соҳаларда Ўзбекистон имиджини юксалтиришда, ватанимиз ҳақида ижобий тасаввур ҳосил қилишда катта ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга, дўстлик жамиятлари чет мамлакатларда кўргазмалар, декадалар, ҳафталиклар ўтказиш, халқаро конференциялар ва конкурслар ташкил этишда, хориждаги ватандошларимизни  халқимизнинг қадимий бой тарихи, маданияти, анъаналари, урф-одатлари ҳамда ҳозирги турмуши, мустақил Ўзбекистон олиб бораётган ички ва ташқи сиёсат тамойиллари ва ютуқлари билан халқаро жамоатчиликни таништиришда ҳам катта ҳисса қўшиб келмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, жаҳонда катта ютуқларга эришаётган давлатлар тарихи ва тажрибаси шуни кўрсатадики, давлатнинг ривожланиши ва тараққий этиши энг аввало, мамлакатдаги тинчлик, барқарорлик ҳамда тараққиётимизнинг муҳим омилларидан бири бўлган миллатлараро тотувликни асраш ва мустаҳкамлашга боғлиқдир. Бунда миллатлар ва халқлар ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантирувчи тинчлик элчиси бўлган халқ дипломатиясини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
  • Кўп миллатли юртимиз ёшларини миллий ватанпарварлик, бунёдкорлик ва замонавий билимларга кенг жалб этган ҳолда тарбиялаш ишларини кучайтириш мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини таъминлашга хизмат қилади.
  • Шунингдек, хориждаги ёш ватандошларимизга миллий ватанпарварлик, бунёдкорлик руҳини кучайтириш учун ўқув қўлланмалар билан таъминлаш юртимизнинг халқаро имиджини янада ошишига хизмат қилади.
Мансур Омонов,
PhD тадқиқотчи,
Ахборот-таҳлил ва ижро
назорати шўъбаси раҳбари