Ҳожиакбар Ҳамидов билан ижодий учрашув
04.06.2018
Тошкентда Пушкин таваллудининг 219 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди
07.06.2018

Даҳога эҳтиром

Александр Сергеевич Пушкин… Бу номни нафақат рус халқи, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида жумладан, Ўзбекистонда ҳам катта ҳурмат билан тилга оладилар. Дарҳақиқат, у қолдирган катта адабий мерос , унинг шеърлари ҳали ҳануз кечагидай ёдимизда. Шоирнинг “Евгений Онегин”, “Боғчасарой фонтани”, “Руслан ва Людмила” каби шеърий роман ва поэмаларини “Тутқун”, “Кавказ”, “Энагамга”, “Куз”, “Қишлоқ” каби турли мавзудаги шеърларини барчамиз севиб ўқиб, ёд олганмиз. Мана бир неча йиллар ўтибдики, юртимизда Пушкиннинг ўлмас асарлари катта қизиқиш билан ўқиб ўрганилмоқда.

6 июнь куни эрта тонгдан пойтахтимизнинг сўлим ҳиёбонларидан бири А.Пушкин ҳайкали олдида турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари, дипломатик корпус вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ўқитувчилар, ёшлар ва ОАВ ходимлари тўпланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Республика рус маданий маркази ташаббуси билан шоирнинг 219 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий тадбир ташкил этилди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо ўз нутқида Пушкин фақатгина рус шоири эмас, у жаҳон халқлари шоиридир. У ўз ижодида озодлик, севги, муҳаббат, инсонпарварлик, эзгулик каби умуминсоний ғояларни юксак бадиий маҳорат билан тараннум этди. Шу билан биргаликда ўз халқининг тил бойликларини, маданиятини, миллий қадриятларини шеърият тилида баланд пафос билан куйлади. Шунинг учун ҳам унинг шеърияти боқий шеъриятдир деди.

Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов тадбир иштирокчиларни самимий қутлаб, мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаётгани, уларнинг миллий байрам ҳамда маросимлари нишонланаётгани давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат ифодаси эканлигини алоҳида  таъкидлаб ўтди.
“Пушкин асарларини мамлакатимизда ёши катталар билан бир қаторда ўсиб келаётган ёшларимиз ҳам севиб мутолаа қилишади. Буни бугунги тадбиримиздан кўриб турибмиз. Биз буюк шоир ва ёзувчиларимизга Пушкин асарларини ўзбек тилига моҳирона таржима қилиб унинг ижоди билан яқиндан танишиш имконига эга бўлганимиз учун уларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”, деди Р.Қурбонов.
Ўзбек ва рус халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда адабиёт ва санъатнинг алоҳида ўрни бор. Россияликлар ўзбек алломалари, шоирларини яхши билади, Ўзбекистонда рус тили ҳамда адабиёти ўрганилади. Москва шаҳрида Алишер Навоийга, Тошкентда Александр Пушкинга ҳайкал ўрнатилган.

   

           Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Тюрденев, Рус миллий маданият маркази раҳбари А.Аристов ва бошқалар ёшларни умумбашарий руҳда тарбиялашда, жамиятда аҳиллик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда адабиёт муҳим ўрин тутишини таъкидлашди. Пушкин асарлари Чўлпон, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир сингари таниқли шоир ва адиблар томонидан ўзбек тилига моҳирона ўгирилганлиги ва улар ўзбек адабиётининг дурдонасига айланган деб эътироф этишди.

         Тадбирда шоирлар  Абдулла Шер, Нодир Жонузоқ, Ғайрат Мажид, Ҳумоюн Акбаров, Рустам Мирвоҳид, Жўрабек Жаҳон, Пушкин шеърининг янги ўзбекча таржимасидан намуналар ўқиб бердилар.
         Тадбир иштирокчилари буюк шоир ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. Сўнг, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри актёрлари, Рус миллий маданият маркази қошидаги бадиий жамоа томонидан мусиқий композиция намойиш этилди.

Ўзбекистон халқ артисти Нормумин Султонов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Гулшан Азизова, халқаро танловлар совриндорлари Анастасия Юдина, Елена Шевердова, Пушкин асарлари асосида П.Чайковский, С.Глинка томонидан яратилган опералардан парчалар ижро этдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат консерваторийси талабалари томонидан шоирнинг шеърлари ўқилиб, вальс рақси ижро этилди. А.С.Пушкин таваллуд топган куни муносабати билан ўтказиладиган адабий-бадиий тадбирлар ёш авлоднинг адабиётга бўлган ҳавасини кучайтиришда алоҳида аҳамият касб этади.