САБАНТУЙ-2018
26.05.2018
В Ташкенте состоялся творческий вечер известной польской певицы Анны Герман
26.05.2018

Анна Герман ҳаёти ва ижодига бағишланган кеча

Пойтахтимизнинг «Ёшлар ижод саройи»да жорий йилнинг 24 май куни  80-90 йиллар эстрадасининг ёрқин юлдузи Анна Герман хотирасига бағишланган кеча бўлиб ўтди.

Ҳар йили бундай маданий кечаларни уюштириш одат тусига айланиб улгурди. Урганчда туғилган поляк ҳонандасига бағишланган тадбирни ташкил этишда «Светлица польска» Польша Маданият маркази, Польша Республикасининг Тошкетдаги элчихонаси билан биргаликда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ҳам қатнашди. «Анна Герман икки ватан: Ўзбекистон-Польша» номи остида 22та суратдан иборат фотокўргазма ҳам томошабинлар диққатига ҳавола этилди. Унда ижодкорнинг Ўзбекистон ҳамда Польшада ўтган ҳаёти ва ижоди акс эттирилган.

Аваз Мансуров, Ўзбекистон давлат консерваториясининг биринчи проректори, профессор:
-Ўзбекистонда бугун яна битта байрам, мусиқа байрами. Бутун дунёга ўзининг қўшиқчилик санъати, ёрқин ижрочилик истеъдоди билан машҳур бўлган Анна Герман хотираси нишонланмоқда. Авваламбор, тадбирдан кўзланган мақсад маданиятлар яқинлашуви, халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш. Қолаверса, Анна Германнинг ижоди қайси миллат бўлишидан қати назар бутун дунё халқларига манзур бўлган. Ҳозирга қадар мусиқа шинавандалари унинг ижросидаги қўшиқларни тинглаб, ёшлик дамларини эслашади. Бугун Ўзбекистонда таълим олаётган ёшлар ҳам Анна Германнинг қўшиқларини репертуарларига киритиб, ўзларининг маҳоратларини оширишмоқда. Хусусан, бизнинг талабамиз, Фериде Гиргин Анна Герман номидаги халқаро танловда Гран-При соҳиби бўлиб қайтди. Ўзбекистон вакили чет элга бориб, шундай танловда ғалабага эришиб келганидан қувондик. У нафақат ўзининг истеъдодини, балки Ўзбекистон маданиятини кенг қамровли эканлигини намойиш этди.

Республикамиздаги санъатга бўлган эътибор натижасида ҳали Анна Германга ўхшаган бутун дунёга таниладиган, халқларга хизмат қиладиган буюк ижрочилар чиқади деб ишонаман.
Биз эзгулик йўлида хизмат қилаётган ҳар қандай санъат аҳлини биздаги бағрикенглик билан хотирлашга, улуғлашга ҳаракат қиламиз.

Кечанинг бадиий қисмида Ўзбекистоннинг ёш истеъдодлари Анна Архипова, Алёна Тихоненкова, Фериде Гиргин, Феруза Халдарова ҳонанданинг қўшиқларини ижро этишди.  Шунингдек, концерт давомида  Анна Германнинг сўнгги ижод намунаси ҳам томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Зебо Муродова
М.Улуғбек номидаги Миллий Университетининг
журналистика факультети талабаси