Узбекистан — лучшая страна для туризма
25.05.2018
«Эхо любви» Анны Герман вновь звучит в Ташкенте
25.05.2018

УРУШ ҚАҲРАМОНИ ХОТИРЛАНДИ

Жонажон Ватанимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 73 йиллиги кенг нишонланди.

            Бугунги кунда ватандошларимиз фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотираларини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш – ўзлари учун ҳам қарз, ҳам фарз деб билиб, қонли жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган муҳтарам фахрийларимиз олдида бош эгиб таъзим қилмоқдалар.
          Уруш қаҳрамонларининг юксак жасорат ва матонати, бу дунёда тинчлик ва омонлик, бахту саодат барқарор бўлиши учун инсон ўзини аямасдан кураш олиб бориши, фидокорона меҳнат қилишга ундайди.
         Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқларида, эл-юртимизнинг буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ҳақида гапирар эканмиз, қуйидаги рақамларга алоҳида тўхталиш ўринли, деб ўйлайман. Урушда қатнашган 120 мингдан ортиқ Ўзбекистон фарзанди жанговар орден ва медалларга сазовор бўлган. Уларнинг 280 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан, 82 нафари эса учала даражадаги “Слава” ордени билан мукофотлангангини алоҳида қайд этиб ўтдилар.
         Улар орасида Совет Иттифоқи қаҳрамони Мамадали Топволдиев алоҳида ўрин эгаллайди.
        У 1919 йилда  Фарғона вилояти Риштон туманидаги Пандигон қишлоғида туғилиб, ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг почтаьон ва тракторчи бўлиб ишлаган.
       1939 йилда ҳарбий хизматга чақирилиб, 130-артилерия полкида механик-ҳайдовчи бўлган.
Мамадали урушнинг дастлабки кунларида душман қўршовига тушиб қолиб унчалик катта бўлмаган гуруҳ сафига қўшилиб олди. Кругляшина қишлоғига келиб қолиб, 1941 йилдан бошлаб кичик партизанлик отряди сафида бўлди. Унинг гуруҳи кейинчалик халқ қасоскорларидан иборат бўлган катта бирлашма бўлган – “Чекист” гуруҳига айланди. Бу гуруҳ душман томонидан босиб олинган Шклов, Белинич, Круглянск, Толочинск, Оршанск, Лепельск туманлари ҳудудида жанговар ҳаракатларни амалга оширди.

          М.Топволдиев,  портловчилар мактабини тамомлаб партизанлик бригадасининг 5-разведка  булинмасини бошқарди. “Чекист” бригадаси душман билан жанг қилиб, маҳаллий аҳолини ўлимдан ва Германияга мажбурий меҳнат учун юборишдан халос этар эди.
         Унинг отряди Минск – Орша, Орша – Могилёв темир йўлларида ҳарбий операциялар олиб борар эди. 1943 йил 23 май куни М.Топволдиев отряди  Шкловск  туманининг Климовичи, Тавкачи, Авчинечки қишлоқларидаги душман гарнизонларига бирваракайига қақшаткич зарба берди.
           1943 йилнинг августида эса Могилёв – Лотва темир йўл участкасида 500 та рельслар портлатиб юборилди.
           М.Топвалдиев барча операцияларда иштирок этиб, кўприклар ва йўлларга қўйилган миналар портлатилиши натижасида душманнинг 19 та эшелони йўқ қилинди. У душман билан яккама-якка олишувда 76 та фашистни ўлдириб, бир нафар генерални асирга олган.
 У ҳар бир муваффақиятли операциядан сўнг дарахтларга ўзини тахаллуси – Казбек ёзувини қолдиришни яхши кўрар  ва бу билан душманни доимо қурқувда ушлаб турар эди. Гитлерчилар Казбекнинг боши учун 50 минг рейхсмарка пул  ваъда қилишган эди.

          Мамадали ака урушдан эсон-омон ўз қишлоғига қайтиб келиб, Риштон туманидаги жамоат хўжаликлардан бирига раҳбарлик қилган.  Шуниси диққатга сазоворки, у меҳнатда ҳам ўзини ёрқин намоён қилиб Хизмат кўрсатган пахтакор унвонига ҳам эга бўлган.
         Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси вакиллари ҳамда,  “Свитанак” Беларусь миллий маданий маркази раҳбари Светлана Николаевна Дудюк бошчилигидаги марказ вакиллари Мамадали Топволдиевни хотирлаш мақсадида 14 май куни Риштон туманига ташриф буюрдилар.
   Уларни тумани ҳокими Т.Раҳимов, Фарғона вилояти ҳокимлиги масъул ходимлари, шунингдек туман жамоатчилиги вакиллари қизғин кутиб олдилар.
Ташриф доирасида М. Топволдиев қабри зиёрат қилиниб унинг руҳи покига Қуръон оятлари тиловат қилинди, унга ўрнатилган ёдгорлик пойига гуллар қўйилди.
Айтиш жоизки, шу куни пандигонликлар учун ҳақиқий байрамга айланди.
Мамадали Топволдиевнинг фарзандлари, невара ва чеваралари, у билан бирга ишлаган ва уни яхши билган оқсоқоллар, Қаҳрамоннинг ажойиб инсоний фазилатлари, меҳрибон ота бўлиши билан бирга талабчан раҳбар бўлганлигини эсга олдилар.
 Мактаб ўқувчилари томонидан ижро этилган уруш ва Буюк ғалабага бағишланган шеър ва қўшиқлар тадбир қатнашчиларда ўлкан таасурот қолдирди.
“Свитанак” Беларусь миллий маданий маркази раҳбари С.Дудюк қаҳрамоннинг яқинлари ва қишлоқ аҳли билан бўлган суҳбатда Белоруссияда Мамадали Топволдиевнинг урушда кўрсатган жасорати тилларда достон бўлгани, ҳозирда ҳам уни ҳурмат билан ёд этишларини таъкидлаб ўтди.
Ҳозирда мамлакат пойтахти Минск шаҳридаги кўчалардан бири уни номи билан аталиб, қаҳрамонга бюст ўрнатилган. Писерево қишлоғи Топвалдыевка, деб номланган. Круглянск тумани Круглое туманидаги кўчалардан бирига қаҳрамоннинг номи берилиб, бўғдой ўрим йиғимида илғорлик кўрсатган энг яхши механизаторларга Мамадали Топволдиев номидаги мукофот топширилади. Толочинск туманидаги ўрта мактаб музейида М.Топволдиев ҳақида алоҳида бурчак мавжуд.
Тадбир давомида Беларусь маданият маркази вакиллари Мамадали Топволдиев яшаб ўтган ҳовли, Зоҳидон қишлоқ фуқаролар йиғини биносида ташкил этилган мемориал музейда ҳам бўлдилар. Меҳмонлар шунингдек, Риштон кулолчилик мактабларидан бирида ташкил этилган экспонатларни ҳам бориб кўрдилар.
Туман ҳокими Т. Раҳимов билан бўлиб ўтган суҳбатда  Мамадали Топволдиев жанг қилган Могилёв вилояти билан маданий-гуманитар ҳамкорликни йўлга қўйиш, Шклов, Белинич, Круглянск, Толочинск, Оршанск, Лепельск туманлари вакилларининг Риштон туманига, Мамадали Топволдиевнинг фарзандлари ва унинг сафдошларини Беларусь Республикасига ташрифларини ташкил этиш, Риштон тумани ҳокимлиги ва Могилёв вилояти туманлари давлат маъмуриятларининг замонавий технологиялар, туризмни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлигини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, Беларусь Республикаси расмий вакиллари иштирокида Мамадали Топволдиевнинг 100 йиллиги муносабати билан кейинги йилда катта хотира тадбирини ташкил этишга келишиб олинди.
Униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги учун тарихий ҳақиқатни уларга тўла етказиш, фарзандларимизни миллий ғурур ва ифтихор руҳида, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда жуда муҳим аҳамиятга эгадир.
Уруш қаҳрамонларига улуғ шон ва абадий шарафлар бўлсин!
 Адхам ХУСЕЙНОВ