Встреча с делегацией Татарстана
16.05.2018
Встреча с делегацией КНР
19.05.2018

Хитой Халқ Республикасининг Сиань шаҳрида Форум

2018 йил 10-12 май кунлари Хитой Халқ Республикасининг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган аёллар амалий ҳунармандчилик санъатини ривожлантиришга йўналтирилган “Буюк ипак йўли бармоқ учларида” номли III-Халқаро форумда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси бўлим бошлиқлари – Г.Аббасова ва Н.Арипова, шунингдек, Тошкент шаҳар Дунган миллий маданий маркази раиси М.Савуровдан ташкил топган Ўзбекистон делегацияси Хитойда хизмат сафарида бўлишди.
Мазкур ташриф Халқаро форумда ХХРсининг Бутунхитой аёллар федерацияси ҳамда Шэньси провинциясининг халқ ҳукуматининг таклифига биноан амалга оширилди.
Тадбирда, шунингдек, Туркия, Малайзия, Ҳиндистон, Франция, Янги Зеландия, Непал каби мамлакатлардан ташриф буюрган санъат арбоблари, ҳунармандлар ассоциациялари вакиллари, жами 200дан ортиқ киши иштирок этди.
Дастурга асосан, 11 май куни Форум иштирокчилари учун Хуан-Жинг шаҳридаги III-Халқаро конференция ва кўргазма марказига сафар уюштирилди. У ерда барча делегациялар аъзолари инновацион технологиялар, замонавий асбоб-ускуналар ҳамда турли мамлакатлардан келтирилган ва мазкур провинцияда етиштириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишдилар.
Шу куни Форум ўз ишини бошлади. Тадбирни Федерация раҳбари очиб берди. Сўнгра Шэньси провинцияси ҳунармандлари ишларининг кўргазмаси намойиш этилди. Тадбирда провинция мэри ўринбосари, Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари сўзга чиқдилар.
Кейин сўзга Бутунхитой аёллар федерацияси раиси ўринбосари, Жаҳон ҳунарманд аёллари қўмитаси президенти, Хитой санъати ва ҳунармандлари ассоциациси президенти, Шэньси аёллар федерацияси президенти, Франция ҳунармандлари раҳбари, Хиан-жанг шаҳар мэри ўринбосари, аёллар федерациялари раҳбар ва етакчилари ҳамда ҳунарманд аёллар сўзга чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси делегацияси номидан Қўмита ходими Г.Аббасова сўзга чиқиб, йиғилганларга 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Қўмитанинг фаолияти, мамлакатимизда аёллар ўзларини тўлиқ намоён этишлари учун яратилган имкониятлар, ёшларни миллий анъанавий ҳунармандчилик сирларига бўлган қизиқишларини орттириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, мамлакатимизда яшаётган миллатларнинг миллий ҳунармандчилик сирларини асраш йўлида яратилаётган шароитлар, “Ҳунармандлар уюшмаси”, “Оила” илмий-тадқиқот маркази тўғрисида батафсил маълумот берди ва тақдимот материали намойиш этилди.
Форум доирасида делегация аъзолари учун Шэньси провинциясида фаолият юритаётган ҳунармандчилик корхоналарига саёҳат уюштирилди. Хусусан, Синь-сюдаги Вугонг ҳудудий ҳунармандчилик кооперациясида; маҳаллий электрон савдо марказида; Сиянь-янг шаҳридаги ҳунармандчилик марказларида тажриба алмашинуви бўлиб ўтди.
Аёллар ва болалар фаолият марказида мулоқот чоғида Хитой тажрибаси ўрганилди ҳамда Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ўзбекистон модели бўйича “Ёш оналар мактаби”, “Оила” илмий-тадқиқот марказлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, чой ишлаб чиқариш корхонасида учрашувлар бўлиб ўтди ҳамда мазкур ҳудудда жойлашган тарихий маданий мерос кўргазмасига ташриф бўлиб ўтди.
Бўлим бошлиғи   Г.Аббасова