Проблемы семьи в аспекте государства и общества
15.05.2018
Танлови ғолиблари тақдирланмоқдалар
16.05.2018

“Оилавий тадбирлар – халқ маънавиятининг кўзгуси» мавзуидаги давра суҳбати

Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Қўмита ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Халқаро оила кунига бағишланган “Оилавий тадбирлар – халқ маънавиятининг кўзгуси» мавзуидаги давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Қўмита ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Миллий маданий марказлар ва Дўстлик жамиятлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари  иштирок этдилар.
Давра суҳбатида Ўзбекистан Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ташаббуси билан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, мархумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга доир Олий Мажлис Сенатининг Қарори лойиҳаси муҳокама этилиб, уларнинг халқ маънавиятидаги тутган ўрни ҳамда уларни тартибли равишда ўтказиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкил этиш ва жамоатчилик назоратини олиб боришдаги ишларининг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, ихчам ва тартибли тўй-хашамларнинг мустаҳкам оила қуриш ва баркамол авлодни тарбиялашдаги ўрни ва аҳамияти мавзуларда маърузалар тингланди.
 
 
Қайд этиб ўтилганидек, оилавий маросимларни ихчамлаштириш, маъно ва мазмунини қадриятларимизга мослаштиришга оид ғояни кўпчилик қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, бу борада турли бахс-мунозалар ҳамон давом этмоқда.
Сенат йиғилишида қайд этилганидек, биргина Тошкент шаҳрида йилига 18-19 минг никоҳ қайд этилиб, лекин уларнинг 20-25 фоизи тўйлардаги ортиқча дабдабалар оқибатида ажримлар билан тугаётгани ачинарли ҳолдир.
Бу ушбу тизимда туб ислоҳотларга эҳтиёж жуда зарур эканлигидан далолат беради.
Тадбирни очар экан Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов оиланинг бугунги кунда жамиятимиздаги ўрни ва кўпмиллатли халқимиз урф-одатларидан келиб чиқадиган салбий иллатларни олдини олишга қаратилган чора – тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.
 
Қўмита маслаҳатчиси Муножат Нурматова оила муқаддас, оила жамиятимизнинг мустаҳкам пойдевори, давлатимизнинг негизи дея таъкидлаб ўтди. Жамиятимиз оилалардан ташкил топган. Ҳар бир оиланинг тинчлиги маҳалланинг тинчлигига, маҳаллаларнинг тинчлиги эса, жамиятимизнинг, давлатимизнинг барқарорлиги ва равнақ топишига хизмат қилади.  Шу сабабли ҳам, мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб оила масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти деди. “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ташкил этилиши ва бу ташкилотга оилани мустаҳкамлашга, оилавий тадбирларни ривожлантиришга ва тартибга солишга қаратилган қатор вазифалар юклатилганки, бу вазифалар нафақат “Оила” марказини, балки бугунги кунда Ўзбекистон фуқаросиман деб яшаётган ҳар бир инсоннинг зиммасига катта масъулиятлар юклайди. Нуфузли жамоат ташкилотлари қаторида самарали фаолият олиб бораётган бизнинг Миллий маданий марказларимизга ҳам тааллуқли. Кўпмиллатли  Ўзбекситонимизда яшаётган ҳамюртларимизнинг миллатидан, ижтимоий келиб чиқишидан катий назар, ўзаро аҳилликда, иноқликда, ҳамжихатликда яшашини таъминлаш сизу-бизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади” – дея таъкидлади.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Масуда Ворисова ўз нутқида: “Оила бутун дунёда инсонга юқтирилган илоҳий нарса, чунки инсон ҳеч қачон ўзи алоҳида яшай олмайди. Оилада унинг дунёқараши шаклланади, одатлари, тафаккури, унинг маънавияти шаклланади. Шунинг учун ҳам оила жамиятнинг тиаянчи деб ҳисобланади. Ўзбекситонда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оиладек истиқомат қилиб келишади. Мана шу тинч тотув яшаб келишда ҳам ҳар бир миллатдаги оилаларда бағрикенглик, миллий тотувлик фикри сингдирилгани учун ҳам осойишталик бор. Оила тўғри шаклланса, бундай оилаларда ҳеч қачон миллатларни бир-бирига қарши қўйиш деган фикр туғилмайди. Ҳар бир оила мустаҳкам ва ундаги муҳит соғлом бўлса, албатта жамият ривожланади ва тараққий топади, келажагимиз порлоқ бўлади деди.
 
“Оила” илмий амалий тадқиқот маркази директори ўринбосари Дилбар Алимжонова 1993 йил Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Бош Ассамблеясида 15 май Халқаро оила куни деб эълон қилинган деди. Бу ўз навбатида мазкур масалага кенг жамоатчилик қатори давлат органларини жалб қилиш имконини беради. У шунингдек, дунёда кечаётган глобаллашув жараёнида оила муносабатларига салбий таъсирини кўрсатмоқда. “Биз Европа ва қатор ривожланган хорижий давлатларда оила қадриятларининг йўқолиб кетганини кўраяпмиз. Аммо бизнинг мамлакатимизда мустақилликнинг илк куниданоқ оила муносабатларини мустаҳкамлаш, оналик ва болалик масалаларига алоҳида аҳамият кўрсатиб келинади ва бу давлат даражасигача олиб чиқилган”, – деди.
 
 
У ўз нутқида ёш оилаларимиз орасида учрайдиган ажримларнинг сабалари ва уларни олдини олишга қаратилган чоралар ҳақида сўз юритди.
Оилавий маросимлар билан боғлиқ ишлаб чиқилган Сенат қарори лойиҳасини такомиллаштиришда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари фаол иштирок этиши, ҳар бир юртдошимизнинг ушбу масала юзасидан фикрларини эшитиш ҳамда улар асосида Қарор лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир ишлар амалга ошириб борилмоқда
Майда-чуйда, бачкана одатларни таг-томири билан йўқотишда барча иштирок этиши, бу борада халқимизнинг ўзи ташаббускор бўлаётгани айниқса диққатга сазовордир.
Шу нуқтаи назардан жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида нуфузга эга бўлган Миллий маданий марказлари, шунингдек Дўстлик жамиятлари ҳам ушбу муҳим масаланинг муҳокамасида фаол иштирок этишиб, бу масалага ўз фикрларини билдиришди.