60 ёшингиз муборак бўлсин!
07.05.2018
Монумент семьи Шамахмудовых – символ дружбы народов
10.05.2018

Инсон муқаддас – хотира абадий

Мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, бу азиз неъматни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, жамиятда инсонпарварлик, аҳиллик, ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш масаласига устувор вазифа сифатида аҳамият қаратиб келинмоқда. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1999 йилдан буён мамлакатимизда 9 май –“Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланаётгани ғалабага муносиб ҳисса қўшган ота-боболаримизни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, урушда тинчлик учун жон фидо этган ҳамюртларимиз хотирасини муқаддас билишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Қутлуғ айём арафасида Иккинчи жаҳон уруши даврида осуда ҳаёт, мусаффо осмон учун жон фидо этган боболаримизнинг азиз хотирасига яна бир карра ҳурмат келтириш, бугунги кунда умргузаронлик қилаётган уруш фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга доир эзгу ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
Суронли жанггоҳлардан Ўзбекистонга минглаб одамлар, кексалар, аёллар, болалар эвакуация қилинган. Ўзбек оилалари турли миллат ва элат вакилларидан иборат болаларга ўз хонадонидан жой берган. Юртимиздаги меҳнат жамоалари, корхоналар, завод ва фабрикалар фронтнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга хизмат қилган.

Тарихимиз ўз саҳифаларидан ватан учун ҳаётини ва жонини фидо қилган инсонлар номини унутмай, уларга буюк ҳурмат ва эҳтиром этишга ундайди.
Мамлакатимизда ўтказилаётган тадбирлар дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга теранроқ назар солишга, доим шукроналик туйғуси билан яшашга ундайди.

Фашизм устидан қилинган ғалабада ўзбек халқининг катта ҳиссаси бор. Республиканинг 6,5 млн аҳолисидан 1 млн 433 минг киши урушда қатнашиб, улардан ярим миллионга яқини ҳалок бўлган, 132 минг нафари изсиз йўқолган, 600 минг киши ногирон бўлиб қолганлар. Урушнинг оғир мусибатлари ҳали ҳануз инсонлар қалбидан ўчмаган. Буёк ўғлонлар хотираси авлодлар ёдида мангу яшайди.

   

Ушбу сана юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Мамлакатимизнинг барча шаҳару-қишлоқлари, сўлим гўшалари ва истирохат боғларида кўпмиллатли халқимиз учун турли тадбирлар ташкил этилган. Халок бўлганларни хотирлаб, уларнинг қабрлари пойига тирик гуллар қўйилди. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг бир гуруҳ ходимлари пойтахтимиз марказидаги Хотира майдонига ташриф буюриб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди, Тошкентдаги “Дўстлик” боғида шаҳар аҳли ва меҳмонлар диққатига юртимизда фаолият кўрсатиб келаётган Миллий маданий марказлар бадиий жамоаларининг концерт дастури ҳавола этилди.