Ўзбекистондаги Турк миллий маданий маркази ҳақида эшитганмисиз?
30.04.2018
Встреча с послом Швейцарии
03.05.2018

Ўзбекистон – Қирғизистон: ҳамкорлик ришталари

Жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон қирғиз маданий маркази раҳбариятидан ташкил топган делегация аъзолари Қирғизистонда хизмат сафарида бўлишди.

25 апрель куни Бишкек шаҳридаги Қирғизистон давлат филармониясида “Қирғиз-ўзбек адабиёти – дўстликнинг олтин кўприги” мавзусидаги адабий-мусиқий кеча бўлиб ўтди.
Тадбирни Қирғизистон халқ Ассамблеяси раиси Т.Мамитов очиб, бугунги кунда икки давлат ўртасида олиб борилаётган дўстона алоқалар тобора мустаҳкамланаётганлигини таъкидлади. Қирғизистон Миллий ёзувчилар Совети раиси А.Рискулов икки давлат халқларининг адабий соҳада олиб бораётган ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётганлиги, ўзбек адабиёти намояндаларининг асарлари қирғиз тилига, қирғиз адибларининг асарлари ўзбек тилига таржима қилинаётганлигини айтиб ўтди.

Ўзбекистон томонидан тадбирга Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси К.Рашидов, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари К.Ишанходжаев, Ўзбекистон миллий университети доценти, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси А.Мелибоев, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси С.Раупов ҳамда Ўзбекистон қирғизлар маданият маркази раиси Р.Жаббаровлар сўзга чиқишиб, бугунги кунда давлатларимиз ўртасида барча соҳадаги алоқалар кенгайиб бораётганлиги, Қўмита ҳамда Қирғизистон халқлари Ассамблеяси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланиши режалаштирилаётганлиги, буюк қирғиз адиби Ч.Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони эълон қилингани, шунингдек, ўзбек тилидаги “Шарқ юлдузи” журналининг битта сони тўлиқ қирғиз адиблари ижоди ҳамда қирғиз тилидаги “Ала тоо” журнали ўзбек адибларига бағишланишини таъкидладилар.

Ўзбек ва қирғиз санъат намояндалари иштирок этган адабий-мусиқий кечада Қирғизистон ҳукумати қошидаги Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ва миллатлараро муносабатлар давлат Агентлиги (ГАМСУМО) мутасадди ходимлари, Миллий ёзувчилар советининг ўзбек адабиёти сексияси вакиллари, шунингдек, Қирғизистондаги Россия, Туркия, Тожикистон, Украина, Хитой давлатлари дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимлари, ҳамда фахрийлар ва ёшлардан иборат уч юзга яқин томошабин иштирок этди.
Шу куни Бишкек шаҳрида Қирғизистон ҳукумати қошидаги Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ва миллатлараро муносабатлар давлат Агентлиги (ГАМСУМО) директори ўринбосари Э.Тогонбаев билан учрашув бўлиб ўтди. Учршув аввалида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Ўзбекистонда бошқа миллат вакилларига қаратилаётган эътибор уларга яратилган шарт-шароитлар, Ўзбекистоннинг яқин қўшни давлатлар билан олиб бораётган дўстона муносабатлари, шунингдек Қўмита фаолияти тўғрисида маълумот бериб ўтди. Республика қирғиз маданият маркази раиси Р.Жаббаров Ўзбекистонда қирғиз тилида 56та мактаб фаолият олиб борилаётганлиги, қирғиз миллатига яратилган шароитлар, “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида Жиззах вилоятидаги қирғизлар компакт яшайдиган “Манас” қишлоғи тўлиқ қайта барпо этилганлиги тўғрисида айтиб ўтди.

Э.Тогонбаев ГАМСУМО фаолияти тўғрисида тўхталиб, Агентлик еттита вилоятда ўз бўлимлари мавжудлиги, ўз фаолиятини асосан давлат ва халқаро грантларнинг молиявий таъминоти асосида олиб боришини, бугунга келибгина давлат бошқа миллат вакилларига алоҳида этибор қаратиб, минтақалар тараққиётига маблағ ажратаётганлигини таъкидлади. Тогонбаев ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида,  Қўмита томонидан таклиф этилган меморандум лойиҳасини кўриб чиқиб, имзолаш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Куннинг иккинчи ярмида Қирғизистон халқ Ассамблеясида Ассамблея, Қирғизистон ёзувчилар миллий Совети  раҳбарияти, Қирғизистондаги миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари, аъзолари иштирокида адабий учрашув бўлиб ўтди. Бадиий кечада Ч.Айтматов ижод намуналари турли тилларда ижро этилди.
26 апрель куни Ўш вилоятида шаҳар мерияси ҳамда вилоят губернатори ўринбосари билан учрашувлар ўтказилди. Учрашув давомида Ўш вилояти ва шаҳри билан Ўзбекистоннинг чегараолди вилоят туманлари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликларни кенгайтириш, театрлар алмашинув, миллий байрам ва анъаналарин ўзаро нишонлаш салмоғини кенгайтириш масаласида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалаларида келишиб олинди.
Ўш давлат университетида бўлиб ўтган “Қирғиз-ўзбек адабиёти – дўстликнинг олтин кўприги” адабий-мусиқий кечада Ч.Айтматовнинг қирғиз ва ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси, унинг таваллуд куни Ўзбекистонда кенг нишонлашга тайёргарлик кўрилаётганлиги, ўзбек адиблари унинг асарларини ўзбек тилига таржима қилаётганлиги, Ўзбекистон Миллий университети қошида Президент фармони асосида “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли доимий фаолият олиб борадиган маданий марказ ташкил этилганлиги таъкидланди.
Барча учрашув ва тадбирлар Қирғизистон телеканаллари орқали ёритилиб борилди.