Вечер памяти сынов татарского народа
29.04.2018
Ўзбекистон – Қирғизистон: ҳамкорлик ришталари
30.04.2018

Ўзбекистондаги Турк миллий маданий маркази ҳақида эшитганмисиз?

Мумтоз мақом ашулаларини маромига етказиб, ихлосмандлар олқишига сазовор бўлган бу ёш хонанда Саломат Жавдат қизи. Атлас кўйлакларда ял-ял ёниб, андижонча рақсга тушаётган қизлар Ўзбекистон Турк миллий маданий маркази қошидаги ансамблнинг раққосалари. Юртимизда ўтказилувчи турли байрам ва тадбирлар доирасидаги концертларда фаол иштирок этувчи бу ёш ижрочилар санъат мухлисларига яхшигина танилиб улгурган. 

Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, турли миллат ва элат вакилларининг ўзаро аҳил, ҳамжиҳат, бир оила фарзандларидек яшаб меҳнат қилиши учун зарур шароит ва имкониятларни яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.
Бу борада олиб борилаётган узоқни кўзловчи ва одилона саъй-ҳаракатлар юртимиздаги кўплаб миллий маданий марказларнинг самарали фаолият кўрсатиши, табаррук Ўзбекистонимизни ўз она-Ватани деб билувчи кўплаб миллат вакилларининг маданияти, анъана ва қадриятлари, урф-одатларини сақлаш, уларни янада ривожлантириш, мазмун-моҳиятини тарғиб этиш имконини бермоқда. Айни жиҳатлар юртимизда муваффақиятли фаолият кўрсатиб келаётган Ўзбекистон Турк миллий маданий маркази фаолиятида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Мазкур марказ раҳбари, моҳир шифокор-тадбиркор, «Дўстлик» ордени соҳиби Умар Салмоновнинг айтишича, жонажон Ўзбекистонимизнинг истиқлолга юз тутиши кўплаб миллат ва элат вакилларининг ўз маданияти ва анъаналарини ривожлантириши учун янги истиқболларни очиб берди. 1991 йилда дастлаб Бухорода, 1992 йилда эса Тошкент шаҳрида Турк миллий маданий марказлари ташкил этилиб, самарали фаолият кўрсата бошлади. 1997 йилнинг 26 мартида ташкил этилган Ўзбекистон Турк миллий маданият маркази эса эндиликда Бухоро, Самарқанд вилоятларидаги миллий маданий марказлари фаолиятини бирлаштириб, мувофиқлаштириб бормоқда.
Ўзбекистон Турк миллий маданий маркази ўз иши давомида мазкур миллатнинг тили, маданияти, қадимий урф-одатлари, ўзига хос анъаналарини қайта тиклаш ва янада равнақ топтиришга эътибор қаратмоқда. Марказда фаолият кўрсатаётган ёшлар, хотин-қизлар билан ишлаш, спорт, маданий-маърифий бўлимлар, нуронийлар кенгаши ўз сафига юз нафардан ортиқ турли соҳа вакилларини бирлаштириб, самарали ишлаб келмоқда. Улар сафида ўзининг ҳалол меҳнати билан элда обрў орттирган олимлар, кашфиётчилар, ўқитувчилар, шифокорлар, миришкорлар, муҳандис ва қурувчилар, санъат ва маданият намояндалари, спортсевар, санъатсевар иқтидорли ёшларнинг борлиги эътиборга молик.
Марказ қошидаги «Севинч», «Анадолу», «Истамбул» ансамбллари ҳамда қизлар бадиий рақс жамоаси қадимий мусиқий анъаналаримиз, ўзига хос мактаб ва йўналишларини тарғиб этишда фаол ҳисса қўшиб келмоқда. Ушбу жамоалар «Ўзбекистон – умумий уйимиз», «Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда», «Ватан ягонадир, Ватан биттадир» каби ижодий танловлар, дўстлик фестивалларида муваффақиятли иштирок этиб, наинки совринли ўринларга, балки санъат ихлосмандларининг меҳри ва олқиши, ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. Шунингдек, «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остидаги Ватанни, истиқлолни, тинч ва осуда ҳаётимизни, саодатли кунларимизни улуғловчи концертлар, халқ сайллари, мусиқа кечаларида юқорида номи келтирилган ижодий жамоалар фаол иштирок этмоқда.
– Жонажон Ўзбекистонимизда яшаб, истиқомат этаётган турли миллат вакиллари каби биз ҳам ўз тақдиримиз, бахтимиз, истиқболимизни шу мўътабар диёр билан узвий боғлаганмиз, – дейди Илёс Гулайдин ўғли. – Шу азиз юртда катта бўлдик, вояга етдик. Оқу қорани танидик. Билимли, касб-ҳунарли бўлдик. Яратилган улкан шароитлар самарасида ўз истеъдодимиз ва қобилиятимиз, салоҳиятимизни тўлақонли намоён этиш имконига эга бўлдик.
1999 йилда Микойил Афрас ўғли раҳбарлигида ташкил этилган «МИКО» комедия театри томошабинларга енгил ҳазил ва кулгу, уларга хуш кайфият улашиш мақсадида бир қатор спектаклларни саҳналаштириб келмоқда. Бу ҳаваскор ижодий жамоанинг спектакллари АҚШ, Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларда ҳам илиқ кутиб олингани эътиборга моликдир.
– Ижодий жамоамиз томонидан саҳналаштирилаётган асарларда одамлар ўртасида ўзаро аҳиллик, тотувлик, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, катталарга ҳурмат, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, фидойилик, мардлик, бағрикенглик ва олижанобликни тарғиб этиш устувор ўрин эгаллайди, – дейди М.Афрас ўғли. – Зеро, айни тушунчалар наинки биз, ўзбекистонликларда, балки бутун башарият томонидан ҳам энг олий қадриятлардан саналади.
Турк маркази раҳбари ва бошқарув аъзолари томонидан таъсис этилган «I.M. DOST-FILMS» студияси томонидан яратилган ўнлаб картиналар юртимиз томошабинларига яхши маълум. «Ширин булоқ», «Бурч», «Чин муҳаббат» (турк тилида суртга олинган) «Ота», «Қизғалдоқ», «Бегона баҳор» каби бадиий фильмлар, «Жийда гули» 21 серияли телесериали, «Оппоқ орзулар» сингари сериал-картиналар меҳр, муҳаббат, садоқат, олийжаноблик, ўзгаларга хайрихоҳ ва кўмакдош бўлиш каби чин инсоний ғояларни тараннум этгани, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдек мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Турк миллий маданий маркази томонидан барчамизнинг энг улуғ ва энг азиз байрамлар – Мустқиллик, Наврўз, шунингдек, Рамазон ҳайти, Қурбон ҳайити байрамлари кўтаринки руҳда нишонланади.
– Президентимизнинг 2017 йилнинг январь ойида юртимиз миллий маданий марказларининг вакиллари билан учрашуви, юртимизда миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалий саъй-ҳаракатлари бизга катта куч, илҳом бағишламоқда, – дейди У.Салмонов. – Пойтахтимизнинг энг сўлим ва тароватли масканидаги бино Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда миллий маданий марказлар тасарруфига берилди. Бинонинг ёнидаги сўлим боғ «Дўстлик боғи»га айлантирилди. Ҳар йили турли миллат вакиллари ҳам Ватанимизнинг энг олий мукофотлари, орден ва медаллари билан тақдирланаяпти. Давлатимиз раҳбарининг одамлар оғирини енгил етиш, халқнинг кўнглига йўл топиш, турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлари жонажон Ўзбекистонимизда яшаётган барча миллатларнинг ҳаёти, фаолиятида, орзу-умидларида ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Шу табаррук юртнинг фуқароси учун бундан ортиқ саодат бўлмаса керак!
Назокат Усмонова, ЎзА