Ёшлар бизнинг келажагимиз.
26.04.2018
Память народа священна
28.04.2018

Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбирда таниқли ёзувчилар, шоирлар, журналистлар, давлат ва жамоат арбоблари, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, истеъдодли ёш қаламкашлар ҳамда пойтахтимизда яшаб фаолият юритаётган Миллий маданий марказлар фаоллари иштирок этдилар.
Мазкур ҳамкорлик меморандумидан кўзланган асосий мақсад миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш, ёш истеъдод эгаларига кўмаклашиш, мамлакатимиз ижод аҳлининг миллатидан қатий назар, жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, ижодий изланишларини қўллаб-қувватлашдир.

Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ўзининг табрик нутқида бағрикенглик, миллатлараро тотувлик деган тушунча азал-азалдан бизнинг халқимизга мос бўлган фазилатдир. Хозиргина имзоланган ҳужжат, бу расмий маънодаги келишув, аслида эса бизнинг томирларимизга сингиб кетган қон каби қадрлидир. Буни биздан  ҳеч ким айира олмайди, мана шу тинчлик ва омонликни авайлаб асраб, фарзандларимизга Она юрт, Она Ватан, Она Замин деган юксак туйғуларни мерос қолдирамиз деган юксак ишонч билан имзо чекдик деди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов имзоланган ҳужжат энг аввало ёшларимиз келажаги учун иккала нуфузли ташкилотлар орқали халқимизнинг дардини, кўнглини кўтариш, улар учун янги асарлар яратиш, юртимизда ва хорижий мамлакатларда такдимотларини утказиш ва мамлакатимизда тинчлик, барқарорлик муҳитини яратишга қаратилган ишларнинг бошланишидир дея таъкидлаб ўтди.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда яшаб ижод қилган турли миллатга мансуб ватандошларимиз ижодига бўлган эътибор ҳамиша юксак бўлган. Мақсуд Шайхзода, Явдат Илёсов, Музаяна Алавия, Зоя Туманова каби адиблар ижоди ёш авлод учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиб келган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Минхожиддин Мирзо ўзбек адабиётининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, азал-азалдан ўзбек адабиётида мана шу минтақада яшаб ўтган турли миллатларга мансуб ёзувчиларимиз, адибларимиз, санъат ахилларимиз бўлган. Биргина Хазрат Навоийнинг асарларини оладиган бўлсак, ундаги қаҳрамонлар орасида турли миллатга мансуб, бугунги кунда ҳаммамиз учун намуна бўладиган қаҳрамонларнинг образлари яратилган. Имзоланган меморандумнинг асосий йўналишлари билан бир қаторда мамлакатимиз фуқаролари бўлган бадиий ижод ахлининг миллатидан қатий назар жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ривожлантириш, ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш, асарларини таржима қилиш, нашриёт ва жамоат тўпламларида чоп этишга кўмаклашиш, халқимиз ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш масалалари турибди деди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси илмий-амалий изланишлар, методика ва экспертиза бўлими бошлиғи Баҳтиёр Каримов суҳбат чоғида қуйидагиларни маълум қилди: “Меморандумнинг имзоланиши маънавий ҳаётимизда катта аҳамиятга эга. Бу икки ташкилот доим ҳамкорлик қилиб, халқимизнинг тинч тотув ва фаровон яшаши учун маънавий муҳитни шакллантириш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизни ҳалқаро миқёсда алоқаларини янада ривожлантириш, хориждаги ватандошларимиз билан алоқаларни тиклаш ва янги босқичга кўтариш каби долзарб масалаларни ҳал этишига ишончим комил”, – деди.

Владимир Ким, ёзувчи, журналист: “Имзоланган ҳужжат энг аввало ижодкорлар, ёзувчи шоирлар учун катта аҳамият касб этади. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Корея республикалари ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик кенг ривож топган. Икки давлат талабалари ўртасида яқин дўстлик алоқалари ўрнатилган, бироқ адабиёт йўналишида ҳали камчиликлар сезилиб турибди. Хозирги кунда таржима соҳасида фаолият олиб бораётган кўплаб ёшларимиз етишиб чиққан. Улар томонидан ўзбек шерлари корейс тилига таржима қилинган. Шу маънода мен ўзбек адабиётининг корейс кутубхоналаридан муносиб ўрин эгаллашини истардим”,- дея таъкидлади.