Встреча с делегацией Турции
26.04.2018
Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
28.04.2018

Ёшлар бизнинг келажагимиз.

Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги танти, меҳнаткаш, бағрикенг халқи бўлса, халқимизнинг энг катта бойлиги осмонимиз мусаффолиги, юртимиз тинчлиги ҳамда мамлакатимизда яшаб келаётган миллатлар ва элатларнинг аҳиллик, ҳамжиҳатлик, дўстлик  ҳамда бирдамлик муҳитидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида “Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошлаб берган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлини оғишмасдан, қатьий ва изчил давом эттирамиз” деган эди. Бугунги кунда ”мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр оқибат муҳитини кўз қорачиғидек асраш ҳамда ҳамжиҳатликни янада ривожлантириш, ҳар бир  миллатнинг дини ва эътиқодидан қатьий назар, барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқлигини таъминлаш эътиборимиз марказида бўлади”, деди  Юртбошимиз.
         Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётган, Ўзбекистон номидан дунё ареналари, жаҳон саҳналарига чиқаётган турли миллат вакиллари орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади.
         Юртимизда бағрикенглик, тинчликсеварлик ва инсонпарварлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарнинг ўзига хослигини сақлаш ва ривожлантириш, ёшларимизни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида бир қанча ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон уйғур миллий маданий маркази томонидан Ёшлар форуми ташкил этилди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Карбонов Қўмита қошида ташкил этилган Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг фаолияти ҳамда Президентимизнинг бугунги ёшларга эътибори ва яратилаётган шарт-шароитлар, ёшларни бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш, тарих, маданият, миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш руҳида тарбиялаш, миллатчилик ва экстремизм ақидаларига қарши мафкуравий иммунитетга эга, мустақиллик ғояларига содиқ, Ўзбекистон миллий манфаатларини илгари сурадиган маънавий баркамол авлодни шакллантириш  ҳақида гапириб ўтди. Ўзбекистон уйғур миллий маданий маркази раиси Халима Баратова, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси Серик Усенов, Қирғизистон халқ ассамблеяси раиси ўринбосари, Қирғизистон уйғур иттифоқи жамияти раиси Ортиқ Ҳўжаев, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Камал Садиков ва Қирғизистондан келган бир қанча меҳмонлар иштирок этиб бугунги ёш авлодни толерантликни мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш ҳамда бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш юзасидан маъруза қилдилар.

Шунингдек, форумда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети 4-курс талабаси Нозигум Қодирова «Ўзбекистоннинг ҳозирги замон тараққиётида ёшларнинг ўрни» мавзусида, Сингапур тараққиёт ва менежмент институти 1-курс талабаси Сихриё Маҳмудова «Уйғур миллий кийимларининг ўзига хослиги» мавзусида, Ўзбекистон уйғур миллий маданий маркази фаоли Умаржон Қосимов  «Уйғур 12 мақоми» мавзусида, Ўзбекистон уйғур миллий маданий маркази фаоли Баҳодир Жалилов «Уйғур машраблари тўғрисида» мавзусидаги маърузалари билан иштирок этдилар. Форум якунида миллий маданий марказлари томонидан ташкил этилган концерт дастури намойиш этилди.  Концертда Марказ раҳбари Ҳалима Баратова жонли ижрода қўшиқ кўйлаб тадбирни янада жонлантирди.

Ўзбекистон уйғур миллий маданий маркази томонидан ўтказилган Ёшлар форуми ва концерт дастури кўп миллатли халқимизни ҳамда ёшларни беҳад ҳурсанд этди. Буларнинг барчаси миллатлараро тотувликни таъминлаш мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини яна бир бор намойиш этди. Ўтказилган ушбу Ёшлар форуми учинчиси бўлиб, шу кунга қадар Ўзбекистон рус миллий маданий маркази ҳамда Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази томонидан ёшлар форумлари ташкил этилган эди. Навбатдаги Ёшлар форуми Ўзбекистон корейс миллий маданий марказлари ассоциацияси томонидан ташкил этиладиган бўлди.
И.Неъматиллаева