“Ниҳол” илмий-маданий жамияти фаоллари билан учрашув
25.04.2018
Встреча с делегацией Турции
26.04.2018

Туркиялик ватандошимиз Собир Сайҳон билан учрашув

Жорий йилнинг 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва ҳорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида таниқли публицист ва ёзувчи, айни пайтда Туркияда истиқомат қилаётган Собир Сайҳон билан адабий учрашув ва давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда қозоқ, қирғиз, турк ва тожик миллий маданий марказлари фаоллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Ўзбекистон миллий университети профессор ўқитувчилари, “Дийдор Азиз” электрон нашри жамоаси ҳамда Собир Сайҳон ҳаёти ва ижоди билан қизиқувчи мухлислари иштирок этдлар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва ҳорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов ўзининг кириш сўзида Собир Сайҳон ижодида ўзи туғилиб ўсган она юртига чексиз муҳаббати ва ҳурмати ифода этилганини таъкидлаб келажакда янги ижодий зафарлар тилади. Тадбирда филология фанлари доктори, академик Наим Каримов “XX асрда Туркий тилли миллатлар адабиётида ватан мавзуси. Собир Сайҳон ижодига назар”, Ўзбекистон миллий университети доценти, Аҳмаджон Мелибоев ва таниқли публицист, ёзувчи ва кинодраматург Мирзапўлат Тошпўлатов “Ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳориждаги ватандошлар асарларининг аҳамияти” мавзуларида маъруза қилдилар. Раҳимбой Жуманиёзов йиғилганларга Собир Сайҳон қаламига мансуб шеърларни ўқиб берди. Шунингдек давра суҳбатида Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси Серик Усенов, Ўзбекистон турк миллий маданий маркази фаоли Жумадулла Шабанов, ижодкорлар Жаббор Эшонқул, Тўра Мирзо, Раъно Раҳимберди қизи ватандошимиз ҳаётидаги ўрнак бўладиган воқеалар хақида гапириб ўтдилар.

Собир Сайҳон 1931 йилда Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидаги Варзак қишлоғида туғилган. 30-йилларнинг бошларига қишлоқ аҳли бошига тушган офат унинг оиласини ҳам четлаб ўтмади. Шўро ҳокимиятининг зўравонлигидан жони ҳалқимига келган бошқа туркистонликлар қатори унинг ота-онаси ҳам 1931 йили киндик қонлари тўкилган Фарғонанинг Варзак қишлоғини бир умрга ташлаб кетишга мажбур бўлишди. Шу вақтда Собиржон ҳали чилласи чиқмаган 30 кунлик чақалоқ эди. Шундан сўнг ёш Собиржоннинг ҳаёти сарсон-саргардонликда Ҳиндистон, Покистон, бир муддат Ироқда ва Афғонистонда кечади.

Ёшлигидан адабиётга ҳавас қўйган Собир Сайҳоннинг шерлари, илк ҳикоялари, мақолалари 1953 йилдан эълон қилина бошланади. Кейинчалик унинг Ватан ишқи, фидойилик ва миллийлик руҳи билан суғорилган бир қатор асарлари Ўзбекистон ва Туркияда бир неча бор чоп этилган.

Собир Сайҳон бутун онгли ҳаёти давомида Ватанга соғинч ҳиссини бир дақиқага бўлса-да йўқотмади. СССР деган темир қўрғоннинг деворлари қулай бошлаши билан у ўз қишлоғи ва ҳамқишлоқларини, осмонида истиқлол қуёши порлаган ўзбек диёрини кўргани, она Ватан ҳавосибилан тўйиб нафас олгани келди. У Ўзбекистонга биринчи бор 1972-йили ўша вақтда хориждаги ватандошлар билан алоқа қилиш учун ташкил этилган “Ватан” жамиятининг таклифи билан ташриф буюрган. Шундан бери ҳар йили ватанга келиб кетади. Ўзбекистон мустақиллигини бошқалар қатори у ҳам катта ҳурсандчилик билан кутиб олди.
Тадбир Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ахборот дастури, Ўзбекистон каналининг “Учбурчак” ток-шоуси, “Севимли” телеканали, “Дийдор Азиз” электрон нашри ва “Ўзбекистон” радиоканали ижодкорлари томонидан ёзиб олинди.
ОНА ВАТАНИМ!
Бунчалар яктосан, жону таним,
Табиат чиройин сенга атаган.
Сен ёниқ, армоним, орзумсан маним,
Боқий қуёшмисан – меҳрини тўккан!
О, Ватан! Ватан, Она Ватаним!
Тоҳларинг ғурурим юксаклигидур,
Боҳларинг сурурим охорига ранг.
Сен ширин озорим, кўзларимга нур,
Абадий алламсан: беҳубор оҳанг!
О, Ватан! Ватан, Она Ватаним!
Куёш кокилини қошингда ўрар, Тунда ой
қўриқлар хур жамолингни.
Бу юрак интилиб, талпиниб яшар, Соғинч
изҳоридан таскиним қонар!
О, Ватан! Ватан, Она Ватаним!

Собир Сайҳон