Ўзбекистон-Польша: дўстона муносабатларнинг ривожи
07.04.2018
ВНИМАНИЕ, КОНКУРС!
12.04.2018

Амир Темур ва Темурийлар давлатида халқ дипломатияси

Соҳибқирон Амир Темурнинг миллий маънавиятимиз, халқимиз ва айниқса ёш авлоднинг буюк аждодларимиз бой меросига бўлган аҳамияти чексиздир. Ушбу жихатлар юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган Буюк Соҳибқирон таваллуд топган кунининг 682 йиллигига бағишланган тадбирларда ўз аксини янада ёрқин намойиш этмоқда.

Анъанага кўра 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар Амир Темур таваллуд топган кунини юртимиз ва хорижий мамлакатларда кенг нишонлаш эзгу анъанага айланганини таъкидлашди. Улар Амир Темур нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки ўз вақтида Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор бўлганини таъкидлашди.

Сўнг Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросими бўлиб ўтди. Иштирокчилар қаторида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек Миллий маданий марказлар раҳбарлари ва аъзолари ҳам Амир Темур бобомиз шахсига ҳурмат бажо айлаб, ҳайкал пойига тирик гуллар қўйишди.

Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг Темурийлар тарихи давлат музейида “Амир Темур ва Темурийлар давлатида халқ дипломатиясининг роли” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва ҳорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда ЎзРФА Темурийлар тарихи давлат музейи томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, чет эл ваколатхоналари ходимлари, олимлар, ижодкорлар, ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ўзининг кириш сўзида анжуманда қатнашчиларини қизғин қутлаб, Амир Темур нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки ўз вақтида Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор бўлганини таъкидлади. Халқ дипломатиясини халқлар ва миллатлар ўртасидаги тинчлик ва дўстлик элчиси дейиш мумкин. Масалан, қадимги Буюк Ипак Йўлида жойлашган мамлакатимиз асрлар давомида хорижий мамлакатлар билан савдо-сотиқ, маданий ва сиёсий муносабатларни шакллантириб ўзаро дипломатик алоқаларини тиклаган. Бу жараён, айниқса Буюк давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур даврида ривож топган ва турли халқлар ва миллатлараро дўстона алоқаларни ривожланганлигида юртимизда халқлар дўстлиги намунаси сифатида халқ дипломатияси хусусиятларини намоён этгани ҳусусида гапириб ўтди.

ЎзФА вице президенти Баҳром Абдуҳалимов ўз нутқида Амир Темур номи Ўрта аср даврининг буюк намоёндаси сифатида дунёда танилган. Бизнинг мамлакатимиз Соҳибқирон ҳаёти ва фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан чуқур ўрганилиб, илмий изланишлар орқали кенг жамоатчиликка етказилмоқда деди. У Амир Темур ҳақида сўз борганда ҳеч шубҳасиз, бу ном истиқлол туфайли халқимизга қайтариб берилганини, мамлакатимиз раҳбариятининг Амир Темур сиймосига кўрсатаётган юксак ҳурмат-эҳтироми билан тарихий адолат тикланганини катта мамнуният билан таъкидлади.
Тадбирда Қозоғистон ва Хитой халқ Республикалари элчилари сўзга чиқиб, Евроосиё ҳудудида улкан салтанат барпо қилган Амир Темур шахси ва фаолиятига қизиқиш халқаро майдонда тобора ортиб бораётгани ҳақида сўз юритишди.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Дендев Бадарч ўз нутқида 22 йил илгари ЮНЕСКО ташаббуси билан Парижда Буюк Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланганлигини эслатиб ўтди. Халқаро конференция доирасида А.Темурнинг дунё цивилизацияси ва илм-фан, маданият равнақига қўшган улкан ҳиссаси эътироф этилгани ҳақида гапириб, бугунги кунда Темурийлар даври пойтахти Самарқанд шаҳрининг дунё маданий мероси рўйхатига киритилиши ҳам юртингизга бўлган ҳурмат ва эхтиромни билдиради деб таъкидлади.
Тадбирда Темурийлар тарихи давлат музейининг катта илмий ходими Омонулло Бўриев “Амир Темур дипломатиясидан айрим лавҳалар” номли марузаси,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва ҳорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси илмий тадқиқот, методика ва экспертиза бўлими бошлиғи Баҳтиёр Каримовнинг “Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни ҳақида жаҳон информацион тизими ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар” ҳамда Қўмитанинг бош мутахассиси Неъматжон Полвоновнинг “Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи садъайн ва мажмаи баҳрайн” асари  – Темурийлар даври дипломатик алоқаларини ўрнатишда муҳим манба” номли маърузалари тингланди.

Шуннгдек, Халқаро Амир Темур ҳайрия жамғармасининг Қозоғистондаги бўлими раҳбари Икром Хошимжонов Қозоғистон республикасида 2018 йил Ўзбекистон йили деб эълон қилиниши катта тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди деди. Бугун бу икки қардош халқ бир-бирига қучоқ очиб, яхши қўшничилик ва дўстлик анъаналарини изчил давом эттирмоқда. Шу йил март ойида 30 кишидан иборат бир гуруҳ ёзувчилар, олимлар ва жамоат арбоблари жанубий Қозоғистонда жойлашган Амир Темур билан боғлиқ тарихий шаҳарларга  зиёрат қилиб келишганини таъкидлаб ўтди.

Сўзга чиққан тарихчи-олимлар Амир Темур дипломатиясининг айрим лавҳалари, унинг жаҳон тарихидаги тутган ўрни, миллий давлатчиликка, таълим ва маданият, ўз давлати ривожига  улкан хисса қўшган буюк шахс сифатидаги ролининг муҳимлиги ҳақида гапирдилар. Анжуманда таниқли санъаткорлар томонидан бадиий чиқишлар ижро этилди.
Сўнг, тадбир иштирокчилари Темурийлар тарихи давлат музейида “Тангаларда акс этган тарих” номли кўргазма билан танишиб чиқишди.