В Таиланде выпущен журнал об Узбекистане и Шавкате Мирзиёеве
04.04.2018
Ўзбекистон-Польша: дўстона муносабатларнинг ривожи
07.04.2018

Berita Muslim Life: Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «ўзгача баҳор»ни кечирмоқда

Таиландда Berita Muslim Life журналининг Ўзбекистон, унинг тарихи, замонавий тараққиёти, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус сони нашрдан чиқарилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Нашр инглиз ва тай тилларида бўлиб, ўзбек халқининг бой тарихий-маданий ва илмий мероси, мамлакат салоҳиятини ўзида ифодалаган ранг-баранг ва қизиқарли фотосуратлар билан безатилган.
Туркум мақолаларда Ўзбекистон раҳбари Испаниянинг етакчи таҳлилий марказларидан бири — Барселона халқаро муносабатлар маркази (CIDOB) томонидан халқаро вазиятга ўз таъсирини кўрсатган машҳур 40 нафар инсон рўйхатига икки бор (2016 ва 2017 йилларда) киритилгани таъкидланган.
«Бугун Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «ўзгача баҳор»ни кечирмоқда. У фаолиятининг биринчи йили давомидаёқ барча прогноз ва қолипларни синдиргани ҳолда мамлакатни очиқлик сари етаклаш жараёни ташаббускори бўлди. Бу жараённи ўзбек халқи аллақачон жиддий ҳис этмоқда. Ўнлаб сиёсий маҳбуслар озод қилинди, қарийб уч минг киши афв этилди, минглаб одамлар махсус хизматларнинг «қора рўйхати»дан ўчирилди, матбуот илгари тақиқланган мавзуларни кўтариб чиқа бошлади. Бундай чора-тадбирлар қўшни мамлакатлар билан муносабатларни яхшилаш бўйича дипломатик ташаббуслар билан биргаликда мамлакат ичкарисида ва унинг ташқарисида ҳам кўпчилик кутмаган некбинликни уйғотгани ҳолда Ўзбекистонда янги муҳитни яратди», дея қайд этилади журналда.
Нашрда эълон қилинган материалларда мамлакат кўҳна цивилизация юрти эканлиги, кўплаб шаҳарлар Буюк Ипак Йўлида жойлашгани айтиб ўтилган.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Ўзбекистон ва Таиланд пойтахтларини тўғридан-тўғри боғлаб турадиган рейслар билан биргаликда ҳафтасига 5 марта даврийлик билан Суварнабхум ва Тошкент ўртасида қатновларни йўлга қўйгани қайд этилган. Бу мамлакатга келаётган таиландлик сайёҳлар ва ишбилармонлик доиралари вакиллари оқимини кўпайтиришга туртки берди.
Яна бир мақолада Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида улкан салоҳият ҳамда фойдали тажрибага эга эканлиги эътироф этилган. Ҳозирги кунда республикада бир нечта эркин иқтисодий зоналар фаолият юритаётгани, улар иқтисодиётнинг турли секторларига хориж инвестицияси кириб келишига таъсир кўрсатаётгани алоҳида таъкидланган.
Журналда, шунингдек, Тошкентда яқин кунлар ичида «Тумтим» номли тайча ресторан очилиши, у ерда Таиланд миллий ошхонанинг анъанавий таомлари тайёрланиши ҳақида ёзилган.