18 марта по всей стране прошёл хашар
18.03.2018
Навруз в наших лицах
20.03.2018

Наврўзи олам тантаналари давом этмоқда

Мана яна ҳаётимизни гулга, қалбларимизни нурга тўлдирган баҳор фасли ўлкамизга кириб келди. Наврўз байрами юртимизда бир неча минг йиллик тарихга эга. Қадимда деҳқон ва чорвадорлар совуқ қиш ойларидан кейин келадиган илиқ кунларни интиқлик билан кутишган ва баҳорги тенгкунликни катта байрам сифатида нишонлашган.

Юртимизда Наврўз мустақилликдан кейин қайта туғилди, деб айта оламиз. Барча қадимий қадриятларимиз қатори бу байрам ҳам мамлакатимизда кенг нишонланадиган бўлди. Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг биз баҳорни яна ҳам кўпроқ соғиниб кутадиган бўлдик. Чунки истиқлол бизга энг қадимий, энг гўзал байрамимиз — Наврўзимизни қайтарди.
Шуниси қувончлики, бу ажойиб байрамни нафақат ўзбекларимиз, балки кўп миллатли диёримизда биз билан бирга яшаб, бирга нафас олаётган миллатлари турфаю, лекин эзгу мақсадлари ягона бўлган юртдошларимиз ҳам катта тараддуд билан кутадилар. Зеро, бизнинг Ватанимизда Наврўз барчага баробар гўзаллик ва нафосат, эзгулик ва саховат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрами сифатида янгидан қадр топди.

Бу йил Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарорларида юртимизда Наврўз байрами кенг нишонланиши учун 5 кун давомида халқимизга дам олиш куни белгиланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан махсус байрам дастури ишлаб чиқилди. Унга биноан барча дам олиш кунлари пойтахтимиздаги Дўстлик боғида юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат маданий марказларининг бадиий чиқишлари бўлиб ўтмоқда.

Байрам тантаналарига Ўзбекистон корейс маданий марказлари Ассамблеяси старт берди. 18 март куни эрта тонгдан Дўстлик боғининг Сеул оролчасида корейс бадиий жамоалари томонидан тайёрланган ўзбек, корейс ва бошқа тилларда қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Ташриф буюрган меҳмонларга корейс миллий таомлари тақдим этилди, ўзбек палови тортилди. Байрам қатнашчиларининг кайфиятини юртимиздаги таниқли ҳаваскор ва профессионал артистлар ўз чиқишлари билан кўтаришди. Шўх куй ва қўшиқлар, ўйин-кулгулар кун давомида янграб, жонажон Ватанимизга Наврўзи олам кириб келганини билдиришди.

Наврўз тантаналарининг иккинчи куни ҳам қизиқарли руҳда, шодиёналарга бой бўлди. Истирохат боғининг махсус саҳнасида бошқирд, тожик, туркман ва турк миллий маданий марказаларининг байрамона бадиий дастурлари дам олишга ташриф буюрган турли миллат вакилларига ҳавола этилди. Янграб турган шўх қўшиқлар томошабинларни бефарқ қолдирмади ва рақсга чорлади. Табиатнинг уйғониши, янгиланиш ва баҳор нафаси ёшу-қарига бирдек дилларида нозик ҳис туйғуларни уйғотади. Шунда инсонлар ўз-ўзидан уй юмушларидан чекланиб, табиат қўйнига чиқиб кетишга ва байрам шукуҳини сезмоққа шошилади. Бу табиат қонунидир.
Ҳаммамизга Наврўзи олам муборак бўлсин ва ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!