2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
24.02.2018
Видеоконференция с представителями узбекских диаспор в городах США
02.03.2018

ВАТАНДОШЛАР БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Америка Қўшма штатларида истиқомат қилаётган ўзбек ватандошлар раҳбарлари ва фаоллари билан “АҚШдаги ватандошлар билан маданий ва маърифий алоқаларни йўлга қўйиш” мавзусида видеоконференция бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий мақсади АҚШда яшаб истиқомат қилаётган ватандошларнинг тилак ва таклифларини амалда тадбиқ этиш.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан 17та вазирлик ва жамоат ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқидан мутасадди ходимлар қатнашдилар. АҚШ томонидан Чикаго шаҳридаги “Ўзбек-Америка ассоциацияси” президенти Олим Шарипов, Филадельфия шаҳри “Юртдош” жамоат ташкилоти раҳбари Шарофитдин Зиямов, Атланта шаҳар ўзбек жамияти алоқалари раҳбари Жалолиддин Ходжаев, “Тошкент-Сиэтл” биродарлашган шаҳарлари ассоциациасининг раиси ўринбосари Лола Захарова ва шу жамоа ташкилотларининг фаоллари иштирок этдилар.
Тошкент вақти билан тонгги соат 8:00да, Америка вақти билан тахминан тунги соат 22:00да бўлиб ўтган ушбу виртуал мулоқотда АҚШнинг Чикаго, Атланта, Сиэтл, Филадельфия штатларида яшаётган 20 га яқин ватандошларимиз иштирок этдилар. Миллатлараро муносабатлар ва ҳорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитасининг раиси ўринбосари Камолиддин Ишанходжаев олиб борган видеомулоқот иккала тараф учун ҳам қизиқарли тарзда бўлиб ўтди. Узоқ муддат ечимини кутиб турган муаммолар ҳақида ниҳоят гапира олиш имконияти туғилганидан мамнун  бўлган ватандошлар гарчи бошқа-бошқа штатларда яшасалар-да, улар ўртага ташлаган таклифлар, кўтарган масалалар деярли бир хил эди.

Тадбир бошида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Камолиддин Ишанходжаев Қўмита ҳақида атрофлича маълумот бериб, мамлакатимизда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаб ўтди.  Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 майдаги «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди дея таъкидлади.
“Тошкент-Сиэтл” биродарлашган шаҳарлари ассоциациасининг раиси ўринбосари Лола Захарова: “2018 йил биз учун муҳим йил ҳисобланади, чунки “Тошкент-Сиэтл” Ассоциациясининг ташкил этилганига 45 йил тўлади. Бу йилга режаларимиз талайгина. 24 март куни Наврўз байрамини нишонлаймиз. Тадбиримизга тахминан 750 кишини таклиф этмоқчимиз. Булар орасида Сиэтл шаҳри фуқаролари, шу ерда яшаётган ўзбек оилалари аъзолари, шунингдек байрамимизга келиш истагини билдирган бошқа миллат вакиллари бор. Наврўз шодиёналари Сиэтлдаги ўтказиладиган энг катта халқ байрамларидан бири ҳисобланади. Худди Ўзбекистондаги каби қозонларда ош дамлаб, сумалаклар тортилади, ўзбек миллий рақс ва қўшиқлар ижро этилади. Бизнинг байрамимизга Американинг бошқа штатлари ва Канададан меҳмонлар ташриф буюришади. Бизнинг ташкилотимиз турли соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр. Режаларимиз бўйича, туризм, таълим, медицина соҳаси, юридик соҳалар бўйича икки давлат ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ниятидамиз. Тошкентда видеомулоқотга келган вазирлик ва идоралар билан ҳар томонлама алоқалар ўрнатиб, Ўзбекистон имиджини Америка давлатида тарғиб этишга тайёрлигимизни билдирмоқчиман”

Сиэтлда истиқомат қилаётган ватандошимиз Фазлиддин Шамсиев шаҳарда тахминан 100та ўзбек оиласи яшайди деди. Бу ерда ўзбек маҳаллаларини ташкил этганмиз. Ҳозирда ёшларимизнинг тарбияси учун кўпроқ қайғурмоқдамиз. Чунки, Ватандан узоқда ўзга тилда таълим олиш кичик ёшдаги фарзадаларимизнинг ўз она тилларини унутиб қўйиши хавфини туғдирмоқда. Бизга ўзбек тилини ўргатадиган болаларбоп дарсликлар, ўқув қўлланмалари, миллий урф-одатларимиздан ҳикоя қилувчи китоблар жуда зарур дея таъкидлади.
Умуман олганда Америкага кўчиб кетган ватандошларимизнинг энг катта ташвиши ўсиб келаётган ёш авлоднинг ўз тили, дини ва маданийтини эсидан чиқармаслик борасидаги сайи-ҳаракатларни амалга ошириш. Ечилиши талаб этиладиган яна бир муаммо, бу мактабларда очилган махсус ўзбек синфлари учун ўқув қўлланмалар, болалар учун бадиий адабиётлар, Ўзбекистон ҳақидаги турли фильмларни етказиб бериш. Буларнинг ҳаммаси Америкадаги ватандошларимиз болалари ва набираларининг она юртлари Ўзбекистон билан ришталарини боғловчи кўприк бўлиб хизмат қилади. Яна илтимосларнинг бири бу ўзбек миллий либослари. Кўплаб байрам тадбирларида ўзбек рақсларини ижро этишда рақс костюмларининг етишмаслиги кузатилади.

Ахборот ресурслари базасини ташкиллаштириш маслаҳати берилди. Шу базада мамлакатимизда олиб борилаётган ислохотлар, туб ўзгаришлар ва умуман барча объетив маълумотларни жамлаштириш имкони бўлади.
Чикаго шаҳридаги “Ўзбек-Америка ассоциацияси” президенти Олим Шарипов: “Жамиятимиз Америкада яшаётган ўзбек фуқаролари орасида она тилимизни, маданиятимизни, урф-одатларимизни сақлаш, болаларимизни ўзбекона руҳда тарбиялаш ва америкаликларга Ўзбекистонни фақат яхши томондан таниттириш мақсадида тузилган. Биз миллатимиз учун холис меҳнат қиламиз деб аҳд қилганмиз ва шу амалида фаолият юритамиз. Ниятимиз Ўзбекистондаги бирор мактаб билан ҳамкорлик ўрнатиш Бу борада биз инглиз тилида китобларни ўзбекистонлик болаларга етказиб бера оламиз ва ўз навбатида сизлардан ўзбек тилидаги китобларни олсак деган орзуларимиз бор. Шунингдек, 10та компьютер олиб беришимиз мумкин. Бу ердан туриб компьютер соҳасида дарс берадиган йигитларимиз бор, улар онлайн тизимида ўзбекистонлик болаларга сабоқ беришлари мумкин”.

Шунингдек Филадельфия шаҳри АҚШдаги ўзбек уюшмаларининг Бутунжаҳон конгресси вице-президенти Зафар Сафаров,  Атланта шаҳар ўзбек жамияти алоқалари раиси Рахмон Эшов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан ўз фикрларини билдиришди.
Ватандошларимизнинг қизиқтирган барча саволларига йиғилишда ишттирок этган мутасадди ходимлар атрофлича жавоб беришди. Томонлар бўлиб ўтган очиқ мулоқотдан мамнун бўлганликлари ва бундан бери шундай мулоқотларни мунтазам равишда ўтказиббориш кераклигини таъкилашди.