Пойтахтимизда “Широкая Масленица” байрами нишонланди
19.02.2018
Қирғизистондаги учрашувлар
22.02.2018

Халқаро она тили куни

Маълумки, тиллар инсониятнинг моддий ва маънавий меросини асрашнинг энг кучли воситаси бўлиб ҳисобланади.  ЮНЕСКОнинг маълумотларига кўра, дунёда мавжуд бўлган қарийб 6 мингта тилларнинг ярми, яқин муддатлар ичида батамом йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Шунинг учун ҳам она тилларнинг кенг тарқалишига қаратилган барча саъи-ҳаракатлар нафақат тилларнинг турли хиллиги ва кўп тиллиликнинг шаклланиши, бутун дунё бўйлаб тил ҳамда маданий анъаналар билан тўлароқ танишишга, балки ўзаро тушунишга, чидамлилик ва мулоқотга асосланган  бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Она тиллар ҳар бир инсонга туғилганидан бошлаб қандай муҳр қолдриши билан ҳам ғоятда беқиёсдир.
         Тил ва маданий турли хилликка кўмаклашиш мақсадида ЮНЕСКО Бош конференциясининг Қарорига асосан 2000 йилдан бошлаб 21 февраль – “Халқаро она тили куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида халқаро она тили куни муносабати билан адабий-бадиий кеча ташкил этилди.

Адабий-бадиий кечада Беларусь Республикаси, Болгария, Исроил давлати, Корея Республикаси,  Озарбайжон Республикаси, Польша, Россия Федерацияси,Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Турманистон, Украинанинг Ўзбекистондаги элчихоналарининг раҳбарлари ва ходимлари юртимизда фаолият олиб бораётган турли маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, шунингдек оммавий ахборотвоситалари вакиллари иштирок этишди.

         Тадбир Ўзбекистон Республикаси матҳияси билан бошланиб, йиғилганларда байрамона кайфият хиссини туғдирди.
              Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўрибосари Камолиддин Ишанхаджаев тадбирга келган барча қатнашчиларни самимий қутлаб, бундай байрам тадбирларини ташкил этишда Қўмита ҳар томонлама ёрдамини аямаслигини таъкидлаб ўтди.
Сўнг меҳмонлар диққатига Миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган дастур ҳавола этилди. Унда ўзбек, озарбайжон, бошқирд, рус, украин, поляк ва бошқа тилларда шеърлар ўқилди, қўшиқлар ижро этилди.

Умар Салмонов. Ўзбекистон турк маданий маркази раиси: “Бугунги тадбиримиз Халқаро она тили кунига бағишланиб жуда қизиқарли бўлиб ўтди. Биз ҳам Ўзбекистон турк маданий маркази аъзолари фаол қатнашиб ўзимизнинг маданиятимизни йиғилган меҳмонларга тақдим этдик. Турк тилида шеърлар ўқилди, қўшиқлар ижро этилиб, қатнашчиларнинг олқишларига сазовор бўлди. Бунинг ҳаммаси энг аввало Ўзбекистонда бутун миллат вакилларига яратилган кенг ҳуқуқ ва имкониятлар, ўз тили ва маданиятини ривожланиши учун шароитлар мужассамлиги туфайлидир. Бунинг учун биз ўзбек халқига, юртимиз раҳбариятига ўз миннатдорчилигимизни изхор этамиз. Бизнинг эркин фаолият олиб боришимиз учун шундай “дўстлик саройи” ва унинг ёнгинасида “дўстлик боғи”ни бизга хадя этган ҳукуматимизга раҳматимизни билдирамиз. Шу имкониятлардан фойдаланиб, келгусида ўз фаолиятимизни янада кенгайтирамиз ва дунёнинг кўплаб мамлакатлари бу соҳада Ўзбекистондан ўрнак олади деб умид билдираман”.

Абиба Юнусалиева. Республика қирғиз маданий маркази раиси ўринбосари: “Бугун республикамизда катта байрам, “Халқаро она тили” куни, ва бу байрамга бизнинг қирғиз маданий маркази ҳам ўзининг тухфаси билан қатнашмоқда. Она тили – ҳар бир инсоннинг онасининг тили ва бугунги кунда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат вакиллари ўз она тилларида бемалол гаплашиб, ўзларининг урф-одатлари, санъати ва маданиятини ривожлантириш ҳуқуқига эгадирлар. Ўзбекистонда таълим етти тилда олиб борилади ва ана шу етти тилнинг биттаси қирғиз тилидир. Республикамизда 56та қирғиз тилида таълим оладиган мактабларимиз бор. Унда етти мингдан ортиқ ўқувчилар ўз она тилларида таълим олиш имконига эгалар. Мактаблар учун қирғиз тилидаги дарсликлар давлатимизнинг бюджети ҳисобидан нашр қилинади ва ўқувчиларга тарқатилади. Ундан ташқари бадиий адабиётлар ҳам чоп этилади, радио ва телевидениеда ўз она тилимиздаги кўрсатув ва эшиттиришларимиз бор. Мен мамлакатимизда барча миллат вакиллари  учун барча имкониятлар яратилганини алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдим. Бундай имкониятлар, аминманки, бошқа давлатларда йўқ”.

Ҳақли савол туғилади: нега она тилларга бунчалик эътибор қаратилади? Чунки тиллар инсоният ижодиётини унинг барча хилма-хиллиги билан ифода этади. Тиллар ўзаро мулоқот, тушуниш ва фикрлаш воситаси сифатида ўтмиш, бугунги кун ва келажак ўртасидаги боғлиқликни акс эттиради.