«Лайнеры мечты для Узбекистана»
07.02.2018
«ЖЕМЧУЖИНА МИРОВОЙ СОКРОВИЩНИЦЫ ЗНАНИЙ»
09.02.2018

“Алишер Навоий ва XXI аср”

Улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг номи барчамиз учун қадрли. Беш асрдан ошибдики, буюк мутафаккирнинг ижоди, юксак гуманизм руҳи билан йўғрилган шеърияти, юксак ахлоқий фазилатлар тарғиб этилган достонлари ва насрий асарлари миллионлаб мухлисларни  ўзига ром этиб, ибратли ҳаёт йўли тилларда достон бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Ал Хоразмий, Ал Беруний, Ибн Сино каби кўплаб инсоният заковатининг юксак пиллапояларида ўрин тутган мутафаккирлар ва файласўфларни етиштириб чиққанлигидан хақли равишда фахрланади. Бу мутафаккирлар орасида Алишер Навоий ўзбек халқи учун айниқса ўзгача қадр қийматга эга. Дархақиқат, Чиғатой адабиётининг эътироф этилишига катта хисса қўшган Алишер Навоий ўзбек тилининг, умуман олганда туркий тилларининг отаси ҳисобланади.
Жорий йилнинг 8 февраль куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат узбек тили ва адабиёти университетида “Алишер Навоий ва XXI аср” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани булиб утди.

Анжуманда 15 дан ортик хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги фавхулодда ва мухтор элчилари, миллий-маданий марказлар раҳбарлари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Анжуман Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Юртимиз ва хориждан ташриф буюрган меҳмонлар тантанали кутиб олинди.

Университет ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов йиғилганларни буюк алломамиз таваллудининг 577 йиллиги билан самимий қутлаб, конференциянинг ўтказилиши ўзининг икки жиҳати билан аҳамиятли: Аввало шундай улуғ зотнинг номи билан аталадиган университетда ўтказилаётган анжуманга хорижий давлатлар вакилларининг иштирок этиши, шунингдек юртимизда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар раҳбарлари, олимлар ва навоийшунослар, кенг жамоатчиликнинг тадбиримизга бўлган қизиқиши мазкур конференциямизнинг нуфузини юқорилигидан далолат беради. Иккинчи жиҳати – бу университетимизнинг янги биносида бундай тадбирнинг илк бор ўтказилиши, Алишер Навоийнинг таваллуд топган куни билан боғланаяпти. Назаримизда, бунда қандайдир илоҳий ҳикмат бордек туюлади. Мана шу бинонинг қурилиши ва университетнинг ташкил топишида ва унга Алишер Навоийнинг номи берилишида биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг ниҳоятда катта хизматлари ётибди. У киши ўз суҳбатларида биз университет жамоаси билан биргаликда кўп ишларни қиламиз, ўзбек тили ва адабиётини дунёга танитиш вақти етди ва Навоий бобомизни халқаро миқёсда тарғиб қилишимиз керак деб айтиб ўтган эдилар. Мана бугунги конференциямиз шунинг исботи сифатида намоён бўлиб турибди деди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши том маънода миллатимиз маънавиятига эътибор ва эҳтиром натижасидир.

Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қумитаси раиси ўринбосари Камолиддин Ишанходжаев сўзга чиқиб: “Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанча кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга ёйди.
Айтиш жоизки, истиқлол йилларида мамлакатимизда улуғ алломаларимизнинг маънавий меросини ўрганиш, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбеклар тарих саҳнасидаги миллат сифатида ўз сафларига кўплаб туркий уруғларни бирлаштириш йўли билан пайдо бўлганликлари учун ҳам, уларнинг бағри кенг ва уларга миллатчилик ғоялари бегона. Шунинг учун ҳам бугунги замонавий Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг ваъкиллари тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқдалар” – деди.

Ўзбекистан Республикаси Олий ва урта махсус таълим вазири ўринбосари Ш.Бегимқулов,  ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч, Ўзбекистан Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али ва бошқалар сўзга чиқиб, Навоий ижодини ўрганишга бўлган қизиқиш янада ошиб бораётганини, унинг асарлари оламшумул аҳамиятга эгалигини ва бутун дунё Навоий шахсига ҳурмат бажо этишининг боиси у илгари сурган ғоялар ҳеч қачон эскирмаслигида эканлигини эътироф этдилар.
Буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги мамлакатимизнинг барча худудларида кенг тантана қилинмокда. Алишер Навоий ўзининг пурҳикмат асарлари, сермазмун ҳаёт йўли, бетакрор илмий ва ижодий мероси билан жаҳон адабиёти, илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган. Навоий ижоди асрлар оша башариятга эзгулик ва камолотдан сабоқ бериб келмоқда. Алоҳида қайд этиш жоизки, Алишер Навоий асарларини ўрганиш ва ўргатиш бугунги кунга келиб янги босқичга кўтарилди.

Тадбир доирасида бир гуруҳ талабалар Навоий ғазалларидан ўзбек, рус, инглиз, француз, араб ва бошқа тилларда намуналар ўқиб беришди. Ўзбекистон халқ артисити Муножат Йўлчиева Навоий ғазалларига битилган қўшиқлар ижро этди.
Анжуман 6 та шўбада ўз ишини давом эттирди.