“Ўзбекистон: Миллатлараро муносабатлар ривожида янги давр” мавзусидаги илмий-амалий анжумани
17.12.2017
Ягона ва аҳил оилада
19.12.2017

Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон: миллатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг янги босқичи” мавзуида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда миллий маданият марказлари, дўстлик жамиятлари, турли жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимиз Конституциясида ирқи, жинси, диний эътиқодидан қатъи назар, барча фуқаролар тенглиги белгилаб қўйилганлиги таъкидланди. Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов Бош қомусимизнинг яратилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди ҳамда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид жорий йил юртимизда бўлиб, Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик борасида эришилган ютуқларини юксак баҳолаганини алоҳида қайд этди.
Анжуманда тарих фанлари доктори, профессор Раҳбар Муртазоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи Б.Каримов “Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида бағрикенглик тамойилларининг ўрни ва аҳамияти”, “Мустақил Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш жараёни ва бағрикенглик масалалари”, “Глобаллашув ва ахборот цивилизацияси даврида бағрикенглик масалалари” каби мавзуларда маъруза қилди.
Сўзга чиққанлар Конституциямизда белгиланган тамойиллар жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ўрни беқиёсдир.
Тадбирда миллий маданият марказлари ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама этилди, долзарб масалалар ечими бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Комилов иштирок этди.
Аблай Камолов, ЎзА