Францияда “Халқаро тиллар фестивали”
05.12.2017
О поездке делегации Общества дружбы «Узбекистан-Германия»
07.12.2017

“Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамиятининг Францияда бўлиб ўтган “Тил ва маданият” фестивалида иштироки Le Festival des Lingues (Лингвофест) 2017

2017 йил 21 ноябрдан 27 ноябргача “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти аъзолари Франциянинг Тур шаҳрида бўлиб ўтаган “Тил ва маданият” фестивалида махсус дастур билан қатнашди. 23 ноябрь куни Париж шаҳрида жойлашган Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида “Ўзбекистон-Франция дўстлик алоқаларининг халқ дипломатияси ривожланишидаги ўрни” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида элчихона вакиллари, халқаро экспертлар ва Франциянинг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбек ёшлари иштирок этишди. “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамиятининг ижрочи директори Рахима Ширинова жамиятнинг мақсади, вазифалари, бугунги кундаги фаолияти ва келажакдаги режалари тўғрисида тақдимот қилди. Шунингдек, ДЖ аъзоси Мукаррам Нурматова ҳам Ўзбекистонинг  тараққиёт стратегияси ҳақида маъруза қилди.
Тадбирда Европа Парламенти аъзоси Патрисиа Лалонд хоним, Франция Сенати аъзоси, Лекануэ институти президенти Иф Поззо ди Борго, IPSE ассоциацияси тадқиқотчиси, Европа геополитикаси академияси бош секретари Жан-Антуан Дюпра, маданий алоқалар бўйича тадқиқотчи Ҳабиби Фатҳилар ҳам ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Мазкур учрашувда келажакда икки давлатнинг маданий ва дўстлик алоқаларини янада кучайтириш, “Франция маданияти кунлари”ни Ўзбекистонда нишонлаш ва Наврўз байрамини Францияда байрам қилиш борасида таклифлар билдирилди. Француз экспертлари томонидан бугунги кунда парламентда ва жамиятда аёллар ўрни, асосан қандай соҳаларда фаоллиги, Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг Франция олий таълим муассасалари билан халқаро алоқалари мавжудлиги, “Эрасмус Мундус” ва “Эрасмус +” дастурларида иштироки тўғрисида саволлар берилди.
Халқаро экспертлар Франция ва Ўзбекистоннинг кўп йиллик дўстлик алоқалари тўғрисида, Амир Темур, Улуғбек, Ибн Сино кашфиётлари ҳақида ўзларининг шахсий фикр-мулоҳазалари ва бу борада Францияда олиб бориладиган тадқиқотларга батафсил тўхталиб ўтдилар. Аёлларнинг жамият тараққиётидаги фаолияти суҳбатнинг долзарб масалаларидан бири бўлди.
Давра суҳбатининг иккинчи маданий қисмида эса  “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти аъзолари томонидан тайёрлаб келинган бадиий
 дастур намойиш қилинди. Унда ўзбек халқининг “Ёр-ёр”, “Келин салом” саҳна кўринишлари ҳамда “Хоразмча рақс” ижро этилди.
Ўтказилган давра суҳбати халқаро экспертлар ва Ўзбекистонлик ёшларга жуда манзур бўлди. Суҳбатдан сўнг барча меҳмонлар ўзбек миллий таоми – ош  ва миллий пишириқлар билан меҳмон қилинди.