Юртимизда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали давом этмоқда
02.12.2017
“Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали Қашқадарё вилоятига кириб келди
02.12.2017

“Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали Қашқадарё вилоятига кириб келди

Ҳар бир миллат ва элат яратганнинг мўъжизасидар. Бу мўъжиза инсонлар ўзаро дўст, қардош бўлиб, аҳиллик, одамийлик, меҳр-муҳаббат, елкадошлик, бир-бирига соғиниш туйғуларидан баҳрамандлик сезганда янада юксак ва улуғвор аҳамият касб этади. Мамлакатимизда яшаб фаолият кўрсатаётган турли миллат вакилларининг маънавий дунёси, эътиқод эркинлиги учун истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб кенг йўл очилди ва ушбу йўналишда ҳам муайян натижаларга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг 15.04.2017 йилдаги “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га бағишланган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” VII Республика дўстлик ва маданият фестивалини ўтказиш тўғрисидаги 07/5-705-сонли топшириғи мамлакатимизнинг барча вилоятларида бўлиб ўтмоқда. Миллатлараро ҳамжихатлик, дўстлик байрам тантаналари Қашқадарё воҳаси узра қанот ёзди.
Уч юз мингдан зиёд аҳолини ташкил қиладиган Қашқадарё вилоятида ҳам турли миллат вакиллари аҳил, иноқ бир оиладек истиқомат қилиб келишади. 30 ноябрь куни Қарши санъат коллежи биносида “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – барқарорлик омили” шиори остида дўстлик учрашуви ташкил қилинди. Тадбир вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда вилоят миллий маданий марказлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
     Байрамона безатилган коллеж биноси фойесида турли миллатга хос миллий урф-одат ва анъаналарни акс эттирган фотосуратлар ҳамда халқ амалий санъати кўргазмалари тадбир қатнашчилари диққатига ҳавола этилди. Дўстлик байрамига келган иштирокчи ва меҳмонларни карнай ва сурнай садолари остида кутиб олинди.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев тадбир қатнашчиларини яқинда кенг нишонланадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги билан қизғин қутлаб: “Ўзбекистонда қисқа давр ичида улкан ишлар амалга оширилди. Барча ютуқларимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжихатлик эвазига эришилди. Ҳаммамизга маълум, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат энг аввало халқимиз фаровонлиги, бахтли ҳаёт кечириши учун йўналтирилган. Давлатимиз раҳбарининг барча Қарор ва фармойишлари юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ҳаётига, талаб ва истакларига мослаштирилмоқда. Ёшларимизга тегишли таълим соҳасидаги ўзгаришларни алоҳида таъкидлаш керак. Булар мактабларда 11 йиллик ўқитиш тизими, сиртқи ва кечки таълим олиш, тест синовлари ишларини мувофиқлаштириш ва ҳоказо”, – деди.
Вилоят ҳокими шунингдек, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида миллатлараро муносабатлар, уларнинг миллий урф-одатлари, анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришда қулай шарт-шароитлар яратилганига урғу берди. Вилоятда рус, татар-бошқирд, туркман, тожик, араб миллий маданий марказлари фаолият юритиб келмоқда. Бугун улар юртимизда бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда деди.
Тадбирда сўзга чиққанлар жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик мамлакатимиз аҳолисига хос хусусият ва ушбу фазилатлар Ўзбекистоннинг бебаҳо бойлиги, шунинг билан бирга, мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, фуқаролар тотувлигини таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлашди.
 – Бўлиб ўтаётган тадбир бутун республика миқёсидаги тадбир деб биламан. Бугунги кунда дунёда парокандалик, зўравонлик, бир миллатни иккинчи миллат томонидан хўрлаш ва ҳақоратлаш бўлаётган бир пайтда Ўзбекистон диёрида тинчлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда – деди тожик миллий маданий маркази раҳбари, Дўстлик ордени соҳиби, академик Абдурасул Эргашев. – Мамлакатимизда миллатлар тенг ҳуқуқли, ўзаро аҳилликда яшаб келишади. Вилоятда 10 фоизга яқин тожиклар истиқомат қилишади. Улар ўзбеклар билан  қариндош бўлиб кетишган. Бошқа миллат вакиллари билан ҳам дўстона, бир-бирларига ҳурмат ва эҳтиром билан умргузаронлик қилишади. Мен шундай улуғ мукофотга сазовор бўлганимдан Президентимизга чексиз миннатдорчилик изхор этаман ва миллатлараро тотувликни сақлаш йўлида бор кучимни аямайман – деди.
Тадбир сўнгида вилоятдаги миллий маданий марказлари фаолларига Қашқадарё вилояти ҳокимияти томонидан таъсис этилган қимматбаҳо совғалар топширилди. Иштирокчилар диққатига “Ўзбекистон – умумий уйимиз” номли концерт дастури ҳавола этилди.
Байрам тадбирлари Буюк Бобокалонимиз Амир Темур туғилиб ўсган Шаҳрисабздаги 2-сонли болалар мусиқа ва санъат коллежида давом этди. Коллеж фойесида юртимизда ҳукм сураётган тинчликни тараннум этувчи тасвирий санъат асарлари, фотосуратлар ва ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Унда коллежда таҳсил олаётган ёш ижодкорлар асарлари намойиш этилди. Шу ернинг ўзида ёш рассом ўқувчи қизлар ўз маҳоратларини томошабинларга тақдим этишди.
Коллежнинг анжуманлар ўтказиладиган катта залида жамоат ва диний ташкилотлар вакиллари, ўқувчи ва устоз мураббийлар, миллий маданий марказлари аъзолари ва меҳмонлар жам бўлишди.
Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Исмат Нусуров юртимизда турли миллат вакилларининг тинч-тотув ва аҳил-иноқ яшаётгани, ягона Ватан тушунчаси қалбларда мустаҳкам қарор топгани иқтисодий тараққиётимиз ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда деди. У мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
         Шаҳрисабз шаҳар бош имом ҳатиби Фазлиддин Мухторов Ислом дини ҳамма вақт тинчликни даъват этгани, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ундашини, бошқа дин аҳли билан иноқ ҳаёт кечиришга қаратилгани ва булар муқаддас Қуръони Карим ва Хадисларда аниқ айтиб ўтилганини баён этди.
         Маърузачилар миллатлараро муносабатларни ривожлантириш, халқимиз орасида бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини ривож топтириш, турли миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва биродарлик хислатларини мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан эканлигини таъкидлашди.
         – Мен 43 йил аввал Ўзбекистонга келдим ва бунга ҳеч ачинмайман – деди Шаҳрисабз шаҳар 6-сонли мактаб ўқитувчиси Людмила Расулова. – Бу ерда мен яхши дўстлар, яқин қариндошлар ортирдим. Миллатим рус бўлишига қараман мен давлат корхоналарининг энг муҳим йўналишларида ишладим. Ўзбек миллий урф-одатларини ҳурмат қиламан. Турли миллат вакиллари билан рус тилида гаплашамиз ва бунга ҳеч қандай таъқиқ йўқ. Мен ўзбек элига таъзим қиламан ва шу ернинг фуқароси эканимдан фахрланаман – деди.
         – Мени шу тадбирга таклиф этишганидан беҳад хурсандман. Мен ўзимни бошқа миллат вакили деб ҳисобламайман. Мен Ўзбекистон фуқаросиман – деди Шаҳрисабз шаҳар 3-сонли мактаб ўқитувчиси Екатерина Мухторова. – Ўзбек йигитига турмушга чиққанман ва биз бахтли ҳаёт кечириб келамиз. Қайнонам мени жуда яхши қабул қилганлар ва мени ўз қизларидек кўрадилар. Ўзбекистонда ҳар бир инсон – шахс. Буни барча бир овоздан таъкидлаши мумкин. Тинчлигимизни таъминлаб берган ҳурматли Президентимизга раҳмат деймиз. Юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин – деб сўзини якунлади.
         Мусиқа коллежида тахсил олаётган ўқувчилар ижросидаги турли миллат рақслари, куй ва қўшиқлари олқишлар билан қарши олинди.
Бундай тадбирлар вилоятнинг Деҳқонобод, Чироқчи ва Миришкор туманларида ҳам кўтаринки руҳда давом эттирилди.