“Инсон манфаатлари – улуғ қадрият” мавзусида семинар
24.11.2017
“Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали Қашқадарё вилоятига кириб келди
02.12.2017

Юртимизда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг15.04.2017 йилдаги “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га бағишланган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” VII Республика дўстлик ва маданият фестивалини ўтказиш тўғрисидаги 07/5-705-сонли топшириғи мамлакатимиз вилоятларида кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 27-29 ноябрь кунлари Сурхондарё вилояти шаҳар ва қишлоқларида фестиваль садолари жонажон юртимизнинг энг жанубий сарҳатларида бўлиб ўтди. Фестиваль вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда вилоят миллий маданий марказлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Байрам тадбирларида вилоятда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар аъзолари, турли миллат вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.  Анъанавий ўтказиб келинаётган дўстлик фестивали маданият ва анъаналарни янада ривожлантириш, ёшлар онги ва қалбида миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини, кўп миилатли ягона оила руҳини юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этди.

Термез шаҳар 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивалининг вилоят босқичи кўрик танловининг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Ўктам Қобилов ўзининг табрик сўзида мамлакатимизда мустақиллик йилларида миллатлараро аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий аҳлоқий тарбияни кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилиб келаётгани ҳусусида тўхталиб ўтди. Бу ишлар барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг муҳим асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Сурхондарё вилоятида бугунги кунда 78та ўзбек-тожик, 22та ўзбек-рус мактабларида ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш, турли миллат ва элатлар, халқлар ўртасидаги ўзаро бирдамлик, тотувликни янада мустаҳкамлаш мақсадида таълим-тарбия ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Термиз туманида Афғонистон Республикаси фуқаролари учун ўзбек ва афғон тилларида ўқитишга ихтисослаштирилган ўқув маркази ҳам ташкил этилаётгани айтиб ўтилди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Камолиддин Ишанходжаев йиғилганларга янги ташкил этилган Қўмитанинг асосий вазифалари ҳақида сўзлаб, бугун мамлакатимизда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда деди. 138 миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Улар ўз миллати тили, тарихи, маданияти, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаб, ривожлантириб, турли байрам ва миллий маросимларини барча миллатлар вакиллари билан биргаликда нишонламоқда.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизни миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда катта ҳаётий тажрибага эга эканлиги ва ушбу нодир қадрият дунё ҳамжамиятининг юксак эътирофига сазовор бўлиб, кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиши мумкинлигини таъкидлаб ўтишди.
Шу ернинг ўзида “Инсон манфаатлари – улуғ қадрият” номли кўргазмада юртимизда яшовчи турли миллат вакиллари ижодига мансуб мўйқалам асарлари ва фотосуратлар, шунингдек, турли халқларнинг миллий либослари, ҳунармандлик ва бошқа халқ амалий санъати намуналари намойиш этилди.
Термиз давлат университети республикадаги энг йирик олий ўқув муассасаларидан бири. Бинога кириш заллари бўйлаб миллий либослардаги созандалар гуруҳи карнай ва сурнай садолари остида барчани тадбирга чорлаб байрамона кайфият бахш этди. Университет фойесида миллий маданий марказлар фаолиятини ёритувчи фотокўргазма ҳамда тасвирий ва амалий санъат асарларидан намуналар асосидаги кўргазма барчанинг диққатини ўзига тортди. “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон” ҳамда “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – барқарорлик омили” мавзуларида ўтказилган давра суҳбати университетда тахсил олаётган талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирда таълим тизимининг миллатлараро тотувлик ғоясини сингдиришга хизмат қилувчи муҳим механизм сифатида қаралиши билан бир қаторда миллатлараро муносабатларнинг ҳолатини кўрсатувчи ўзига хос “лакмус қоғози” ҳам экани таъкидлаб ўтилди. Республикадаги мактабларда ўқитиш 7 тилда олиб борилади. Мамлакатимиздаги корейслар, руслар, қозоқлар, тожиклар, қирғизлар, туркманлар ўз она тилларини ўрганишмоқда. Ўзбекистон олийгохларида қозоқ, қирғиз, тожик, туркман ва рус тилларида ўқитиладиган мактаблар учун мутахассислар тайёрланмоқда. Ўз навбатида республика оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳам кўп миллатли аҳолининг эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилмоқда.

Семинарда иштирок этаётган талабалар барчамиз учун ягона, озод ва обод Ватан – Ўзбекистонда яшаётганимиздан фахрланамиз. Юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг эркинлиги, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга оид тамойиллар ҳаётда тўла ифодасини топмоқда. Зеро, энг катта бойлик халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир дея таъкидлашди.
Тадбир доирасида “Ўзбекистонда бағрикенглик маданияти” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Куннинг иккинчи ярмида фестиваль садолари вилоятнинг Шеробод туманидаги Маданият ва аҳоли дам олиш марказида янгради. Тадбир доирасида турли ташкилотлар, миллий-маданий марказлар томонидан тайёрланган Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини ўзида акс эттирган босма нашрлар, суратлар, турли миллатлар амалий санъати намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Фестивалнинг бадиий қисмида янграган ўзбек, озарбайжон, қозоқ, рус, қорақалпоқ ва бошқа тилларда ижро этилган куй ва қўшиқлар тадбир қатнашчиларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Фестивалнинг иккинчи куни ҳам қизиқарли таассуротларга бой бўлди. Термиз шаҳридаги вилоят “Ёшлар маркази” биносида “Юрт тинчлиги, Ватан равнақи – олий неъмат” мавзусидаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда фестиваль иштирокчилари, ушбу маданий тадбирнинг ташкилотчи масъул ходимлари, вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган миллий маданий марказлари аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
         Семинарда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил ва ўзаро ҳамжиҳатликда яшамоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, қизиқиши ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллаши, урф-одат ва расм-русумларини адо этиши, миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши учун барча шароит яратилган.

– Ўзбекистонни ҳаммамиз қадрлаймиз, – дейди Туркман миллий маданият маркази раиси ўринбосари Э.Авазов. – Бу ерда барча миллат вакилларига ўз тили, маданияти, урф-одатларини асраб-авайлаши, ривожлантириши ва келгуси авлодларга етказиши учун барча имкониятлар мавжуд. Буни шу диёрда яшаётганларнинг чеҳраларида кўриш мумкин. Туркман ва ўзбеклар бир оила бўлиб азалдан яшаб келишади. Мен Ўзбекистондек жаннатмакон ўлкада яшаётганимдан бахтиёрман.
– Бугун шундай байрамда иштирок этаётганимдан ҳурсандман. Ўзим татар миллатига тегишли бўлсам-да рус миллий маданий маркази қошидаги мусиқа ва рақс жамоасида шуғулланаман. Бўлиб ўтаётган фестиваль энг аввало миллатлараро дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган. Биз, барчамиз Ўзбекистонни ягона Ватан деб биламиз ва бундан фахрланамиз. Бинобарин, унинг тақдири – ҳар биримизнинг тақдиримиздир. – деди Э.Сулейманова.

Семинарда сўзга чиққан туркман, тожик, рус миллий маданий марказлари раҳбарлари бугун дунёнинг турли минтақаларида нотинч вазият ҳукм суриб, ғаразли мақсадларни кўзлаган турли бузғунчи кучлар миллатлар ўртасида низо чиқаришга уринаётган бир пайтда юртимиздаги осойишталик, кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлиги энг катта бойлигимиз эканини таъкидлаб ўтиб, тинчлик ҳукм сураётган Ўзбекистонни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, қадрлашга ва ҳар бир инсонни ўз юртига фидойи бўлишга чақиришди.

Сўнг “Ўзбекистон – умумий уйимиз” VII Республика дўстлик ва маданият фестивалининг кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Нуфузли ҳайъат аъзолари томонидан аниқланган ғолибларга Сурхондарё вилояти ҳокимияти томонидан таъсис этилган диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бундай тадбирлар вилоятнинг Музрабод, Шўрчи, Денов, Узун ва Сариосиё туман Маданият ва аҳоли дам олиш марказларида ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.