Ўзбекистонда 12 та университет, 28 та мактаб ва лицейда корейс тили фан сифатида ўқитилади
23.11.2017
Юртимизда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали давом этмоқда
02.12.2017

“Инсон манфаатлари – улуғ қадрият” мавзусида семинар

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Инсон манфаатлари – улуғ қадрият” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Милларлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси, “Ўзбекистон-Озарбайжон”, “Ўзбекистон-Грузия” дўстлик жамиятлари ҳамкорлигида ўтказилди.

Тадбирда шунингдек, дипломатик корпус вакиллари ҳамда Низомий номидаги ТДПУ профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Маълумки, инсон ва унинг ҳаёти энг олий қадрият ҳисобланади. Инсоннинг эркинлиги, унинг шон-шуҳрати ва қадр-қиммати жамиятимизнинг олий қадриятидир. Конституциямизда мамлакатимиз барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар деб кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг асарлари, маъруза ва суҳбатларида “инсон ва унинг ҳаёти, қадр-қиммати ҳар нарсадан устун” деган ғоя ўз ифодасини топганлигини гувоҳи бўламиз.
Давра суҳбати чоғида ТДПУ “Миллий ғоя ва маънавият асослари” кафедраси доценти Марҳабо Собированинг “Миллатлараро тотувликни таъминлаш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш – муҳим омил сифатида” деб номланган маърузасида айнан шу масалаларга урғу берилди.
Бошқа миллатларга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш – ўзбек ҳалқи миллий руҳиятининг ажралмас фазилатидир. Халқимиз ҳеч қачон ўзини бошқа халқдан устун қўймаган. Бошқа миллатларга, бошқа мазҳаб вакилларига муносиб даражада эҳтиром кўрсатганлиги таъкидлаб ўтилди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда ҳукм сураётган осойишталик, фаровон турмуш, миллатлараро бағрикенглик ва дўстлик ришталарини кўз қорачиғидек авайлаб асраш ва қадрига етиш кераклиги ҳақида фикр юритдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президантининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони асосида қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегияси”нинг бешинчи устувор йўналиши Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён атрофида хавфсизлик, беқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг ҳалқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига қаратилганлиги айтиб ўтилди.

Аслида ушбу бешинчи устувор йўналишнинг белгиланишида халқимиз миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятларига таянилган.
Маърузаларда Ўзбекистон заминида турли халқлар меҳр-оқибат, қардошлик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаб келаётгани, бугунги кунда бағрикенгликнинг буюк тарихий анъаналарига монанд 130 дан ортиқ миллат ҳамда элат вакилларининг виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатланганини таъкидлаб ўтилди.
Семинарда Ҳ.Алиев номидаги Озарбайжон Миллий маданий маркази директори Самир Аббосов, “Ўзбекистон-Грузия” дўстлик жамияти фаоли Дадахон Муҳамедов ва “Ўзбекистон-Озарбайжон” дўстлик жамияти аъзоси, ф.ф.н., доцент Гулбаҳор Ашуроваларнинг маърузалари тингланди.
Ўқилган маърузалар юқори илмий савияда бўлиб, ҳар бир докладдан сўнг қизғин илмий баҳслар бўлиб ўтди.